“Динамо”нинг 1-даврадаги энг яхши футболчиси аниқланди

 

Сўнгги икки ҳафтада давомида «Динамо» клуби расмий сайтида ўтказилган сўровномага кўра, жамоанинг 23 ёшли футболчиси Жасур Азимов мухлислар томонидан 1-давранинг энг яхши футболчиси деб топилди, деб маълум қилмоқда самарқандликлар матбуот хизмати. 

Овоз бериш якунларига кўра Жасур Азимовга 66 та овоз берилган бўлиб, бу жами овозларнинг 24,5 % ташкил қилган. Ушбу футболчининг мухлислар танловига айланганлиги бежизга эмас. Жасур биринчи даврада «Динамо» сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланган. Азимов Олий Лигада 14 ўйинда, 1215 дақиқа давомида тўп сурган. Унинг «Насаф» ва «Нефтчи» жамоаларига қарши киритган ажойиб голлари «Динамо»га муҳим очколарни тақдим этган. У керак пайтда чап қанот ҳимоячиси, гоҳида таянч яримҳимоячиси сифатида тўп сурди.

«Биринчи давранинг энг яхши футболчиси ким?» сўровномасида Жасур Азимовга Амиржон Сафаров «рақобатчилик» қилди. «Динамо» ҳужумчиси 54 овоз (20%) билан иккинчи ўринни эгаллади. Сафаров кубокдаги голларидан ташқари, Олий Лигада 4 марта рақиб дарвозасини ишғол этишга эришди.

Бу сафар 3-ўринда бир йўла икки футболчи жой олди. Ҳимоячи Раду Рогак ва ҳужумчи Абдумалик Абдуллаевлар бир хил 40 тадан овоз (14,8%) олишган.

Мухлислар ўртасидаги сўровномада, шунингдек, Жавоҳир Қаҳрамонов 27 та (10%), Акмал Бозоров 13 (4,8%), Сардор Сулаймонов 12 (4,4 %), Миркомил Локаев 11 (4,1%), Ориф Мамажонов, Михаил Наумовлар 4 та (1,5 %) овоз олишган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!