Диёр Имомхўжаев: Бу ҳолат бизни ҳам ташвишга солади
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев VAR ҳақида яна бир бор ўз фикрини билдириб ўтди.
"Бир неча кун аввал, ЎФА Суперлига ва Про лига клублари бош мураббийлари иштирокида катта йиғилиш ўтказди. Унда VAR масаласи ҳам кўтарилди ва йўқотилаётган дақиқалар муҳокама қилинди.
Бу ҳолат албатта бизни ҳам ташвишга солади. Аммо VAR илк мавсумда ишлаётганидан келиб чиқиб, унга бироз вақт бериш ҳам керак. VAR керакми ёки йўқ саволи бугунга келиб долзарб эмас. Долзарб масала унинг қандай тартибда ишлаши. Биз бу технологияни ишлата оладиган иложи борича кўпроқ мутахассисга эга бўлишимиз шарт. Шундан келиб чиқиб, ПФЛ ўз позициясини билдирди ҳамда VAR технологияси харид қилинган хориж компанияси мутахассисларини Ўзбекистонга олиб келиш ва ҳакамлар, инспекторлар, техниклар учун катта семинар ташкил этишни сўради. Боиси бу иш бир йил аввал пандемия сабаб ортга сурилганди, ҳозир шунинг айни вақти.
Танқидлар бўлиши табиий ва бу нормал ҳолат. Аммо Ўзбекистон VAR билан ишлашни бошлаган Осиёнинг камсонли мамлакатлари қаторида экани ёқимли ҳолат. Доим айтганимиздек, муаммодан қочиш эмас, уни ечиш керак. Вақт кўп нарсани тартибга солади", - деди ПФЛ раҳбари.
Фикрлар