Диёр Имомхўжаев нега "Пахтакор"га қуръада "Персеполис" тушишини истаганди?
Ҳозиргина Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Осиё Чемпионлар лигаси Ғарб минтақаси чорак финали учун қуръа ташланди. Юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган "Пахтакор"нинг ушбу босқичда ким билан ўйнаши аниқ бўлди. Унга кўра, "шерлар" яна Эрон вакили билан куч синашади. 30 сентябрь куни Шота Арвеладзе шогирдлари "Персеполис" тўсиғидан ўтишига тўғри келади.
Қуръадан сўнг, ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида ўз фикрларини билдирди.
- "Пахтакор" кетма-кет учинчи ўйинда ҳам форсларга қарши ўйнайдиган бўлди. Бу сафарги рақиб — "Персеполис".
Қуръагача айнан шу рақиб тўқнаш келишини истагандим. Саудия клублари билан солиштирганда Эрон жамоалари билан статистикамиз барибир яхшироқ. Аммо финалга тенг ўйинларда рақибнинг фарқи баъзида аҳамиятсиз бўлиб қолади, бунда ҳамма яшаш учун ўйнайди.
Биз пахтакорчилардан ярим финал чиптасини кутамиз. Гарчи "Персеполис" бунгача жуда кучли рақибни ожиз қолдирган бўлса-да, айни вақтда бизда хотиржамлик бор, - дея ёзиб қолдирди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар