Дониёр Абдуманнопов "Навбаҳор" билан шартнома тузгач, нималар ҳақида гапирди?
Хабарингиз бор, кеча иқтидорли футболчи Дониёр Абдуманнопов "Навбаҳор" аъзосига айланди. Ушбу хабар тасдиқланишидан олдин сайтимиз орқали унинг Наманганда эканлиги ва "Навбаҳор"га ўтаётгани ҳақида хабар бергандик. Тез орада бу ўз тасдиғини топди. Футболчи шартнома имзолангач, клуб матбуот хизматига дастлабки фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Навбаҳор”га мени Самвел Вячеславович Бабаян таклиф этди. Самвел Вячеславович олдин ҳам мени ўзи фаолият юритган жамоалар, жумладан, “Навбаҳор”га ҳам таклиф этганди. Аммо мазкур мутахассис билан бирга фаолият юритиш учун эндигина яхши имконият туғилди ва бундан самарали фойдаланишга ҳаракат қилиб, наманганликлар таркибига қўшилдим. Жамоада мени жуда яхши кутиб олишди.
Тўғри, “Сўғдиёна” ҳам яхши жамоа. “Навбаҳор” таркибига қўшилишимга наманганликларнинг жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйганлиги, жамоа ўз номи ва тарихи, шунингдек, ажойиб ишқибозларга эга эканлиги, “Навбаҳор” мухлисларининг донғи бутун Ўзбекистонга таралганлиги ҳам муҳим роль ўйнади.
“Лочинлар” таркибида чиройли ўйинлар намойиш этиб, жамоанинг зафарлари, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишига муносиб ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Худо хоҳласа, бу йил “Навбаҳор” ўз олдига қўйган мақсадига эришади, деган умиддаман, - деди Дониёр.
Фикрлар