Достон Ҳамдамов Қозоғистонга қарши баҳс олдидан: "Мухлислар учун чиройли ўйин кўрсатиб, ғалабани тақдим этамиз"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда йиғин бошлади. Олдинда вакилларимизни Қозоғистон ҳамда Россияга қарши ўртоқлик учрашувлари кутиб турибди.
Айни пайтда терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец футболчилар билан бирга 16 ноябрь куни Қозоғистон терма жамоасига қарши учрашувга ҳозирлик кўрмоқда.
“Пахтакор” билан чемпионликни қўлга киритган ва айни дамда терма жамоа йиғинида қатнашаётган Достон Ҳамдамов бўлажак баҳс олдидан айрим саволларга жавоб қайтарди.
- Достон, авваламбор Ўзбекистон чемпиони бўлганингиз билан табриклайман. Айни пайтда кайфият қандай?
- Чемпионлик билан барча “Пахтакор” мухлисларини табриклайман. Буни биз интизорлик билан кутдик. Қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Чемпион бўлганимизни унутиб, терма жамоамиз билан бирга кечадан бошлаб Қозоғистон билан ўйинга тайёргарликни бошлаганмиз.
- Қийин мавсумдан кейин терма жамоа йиғинида ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Унчалик қийин деб бўлмайди. Мураббийлар томонидан тезроқ ўзимизга келишимиз учун яхши машғулотларни олиб боряпмиз. Насиб қилса, ўйинда ҳам яхши ҳаракат қиламиз.
- Бўлажак рақиб ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳозирча рақиб хусусида бир нима дея олмайман. Аммо шуни биламанки, яхши ўйин бўлади. Эртадан рақибни ўрганиб, кузатиб борамиз.
- Об-ҳаво совуқ бўлса, мухлисларнинг стадионга келишига таъсир қиладими?
- Иложи борича барча мухлисларимизни стадионга чорлаб, бизни қўллаб-қувватлаб туришларини истаймиз. Худо хоҳласа, улар учун чиройли ўйин ва ғалаба тақдим этамиз.
Фикрлар