Драган Черан нега кайфиятсиз ўйнагани, Дердийокнинг кетиши, маошларнинг очиқланиши каби мавзуларда муносабат билдирди

“Пахтакор” клуби ҳамон Суперлига пешқадам бўлиб турибди. Куни кеча “Андижон”ни қабул қилди ва ғалаба учун биргина гол кифоя қилди.

Шу куни клуб тўпурари ва асосий ҳужумчиси Драган Черан ҳам тўп сурди. Бироқ олдинги учрашувлардан фарқли ўлароқ “Андижон”га қарши ўйинда Черан негадир ўзига ўхшамади.

Майдонда қандайдир кайфиятсиздек кўринди. Sports.uz мухбири у билан бир қатор масалаларда суҳбатлашди.

- Драган, ғалаба билан табриклайман. Аммо ўйин чоғида негадир сизда иштиёқ сезилмади. Бунинг сабаби нимада?

- Икки кун давомида ошқозонимдаги вирус безовта қилиб, оғридим. Эҳтимол, шунинг асоратидан бўлса керак. Учрашувни шу сабабдан ҳам, дори ичиш орқали ўтказишимга тўғри келди. Шунинг учун бўлса керак, ўйиннинг қайсидир дақиқаларида менда куч қолмагандек бўлди. Демак, саволингиз ўринли, юз ифодамдан ҳам нимадир жойида эмаслигини сезгансиз.

- Ўйин сизда қандай таассурот қолдирди: ёқдими ёки ёқмадими?

- “Пахтакор” ҳар бир ўйинда барчасини назорат қилишни хоҳлайди ва рақиб дарвозаси томон тез-тез зарбалар йўллайди. Гоҳида буни амалга ошириш қийин кечади, баъзида эса аксинча, учрашувни жуда енгил ўтказамиз. Жамоа керакли пайтда ҳимояланишни ҳам билиб, майдоннинг ўзига тегишли қисмида ўйнай олади. Шунинг учун бўлса керак, баъзида томошабинларда “Пахтакор” ёмон ўйнаяпти, деган таассурот уйғонади.

черан_8

- Эрен Дердийокнинг “Пахтакор”дан кетгани ҳақида муносабатингиз қандай?

- Бу унинг танлови. Дердийок раҳбарият билан бир қанча масалаларда фикри бир жойдан чиқмагани учун ҳам, “Пахтакор”дан кетишга қарор қилди. Умуман айтганда, клубдан кетиш ўйинчиларнинг қисматига битилган. Кўпинча, футболчи ўзи хоҳламаган тарзда ҳам иш жойини ўзгартиришга мажбур бўлади. Эрен биз учун яхши шерик, яхши дўстга айланиб улгурганди.

- Нима деб ўйлайсиз, Дердийок клубга қай даражада фойда келтира олди?

- Жарангдор исм, у шубҳасиз клуб таркибидаги энг машҳур футболчилардан бири саналарди. Унинг фаолияти аъло даражада кечгани ҳам бизга фойда келтирганди.

черан3_3

- Яқинда “Пахтакор” ўйинчиларининг қанча ҳақ олишлари ҳақида рўйхат чоп этилди. Сизнингча, рўйхатдаги кўп сонли рақамларни оммага ошкор этилиши футболчиларнинг ўйинига акс таъсир ўтказадими?

- Бу бутун дунёдаги оддий ҳолат. Чунки жаҳондаги барча клублар таркибларидаги футболчиларнинг қанча маош олишлари ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиб келади. Шунинг учун бу масала борасида мен қандайдир бир жиддий муаммони кўрмаяпман.

- Жамоадагилар Шота Арвеладзени соғиниб қолишяптими?

- Бу – футбол. Мураббийларнинг алмашинуви эса оддий ва нормаль ҳолатга айланиб қолган. Буни футболчилар тўғри қабул қилишга ҳам кўникиб қолганлар. Шуниси аниқки, у буюк мураббий. Боя айтганимдек, мураббийларнинг алмашинуви футболдаги одатий ҳолдан бошқа нарса эмас. Ўйинчилар буни тўғри қабул қилишлари даркор.

- Негадир кўпчилик “Пахтакор”ни олдинги йилларга нисбатан жорий мавсумда кутилган даражада кучли ўйин кўрсатмаяпти, деб ҳисоблаяпти. Бу каби фикрларга қўшиласизми?

- Йўқ, қўшилмайман! Мусобақа жадвалига қаранг ҳаммасига ўзингиз амин бўласиз...Биз асосий таркибнинг бир қанча футболчиларини йўқотдик. Табиийки, бу ҳол умумий манзарага ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаган. Шундай бўлса-да, “Пахтакор” жорий биринчиликда ҳам карвонбошиликни ўз қўлига олган. Асосийси, биз шунча йўқотишларга қарамай, ҳамон юқори даражада ўйин кўрсатиб келяпмиз.

черан1_1

- Драган, айтинг-чи, сизда ҳам клубдан кетиш ҳақида таклифлар бўлдими? Агар сир бўлмаса айнан қайси жамоалар хизматингизга қизиқиш билдиришган?

- Таклифлар кўп бўлди, аммо мен Ўзбекистондаги энг яхши клубда тўп суряпман. Бу ерда мени ҳамма нарса тўла-тўкис қониқтирмоқда.

- Ёзги танаффус чоғида клубга янги футболчилар керакми? Сизнингча, айнан қайси чизиқларни кучайтириш талаб қилинади?

-Бизга ҳаммасидан ҳам кўра, ҳужум чизиғини кучайтириш талаб қилинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!