Драган Черан: Суперлигада муваффақият қозонганимиз энг асосийси бўлди
Жорий мавсум сербиялик ҳужумчи Драган Черан учун аталди десак ҳам бўлаверади. У «Пахтакор» сафида барқарорликнинг юқори даражасини намойиш эта олди. 23 та гол уриб чемпионатимизнинг яққол тўпурарига айланди. Шунингдек, Чераннинг Ўзбекистон Кубоги финалида АГМК дарвозасига киритган учта голи «Пахтакор»нинг ғалабасини таъминлади. Шунингдек, илк бор ўтказилган Лига Кубоги финалида ҳам ўша АГМКни 6:2 ҳисобида енгган баҳсда ҳам Драган ўзини кўрсатганди. Бир сўз билан айтганда, ушбу футболчи барча мақтовларга муносиб эканлигини ўз ўйинлари ва голлари билан исботлай олди.
- Драган, якунига етаётган 2019 йилни сизнинг фаолиятингиздаги энг яхшиси бўлди деб ҳисобласак бўладими?
- Ҳа, албатта, мен ҳам бу фикрга қўшиламан. Ростдан ҳам бу мен учун энг яхшиси бўлди.
- «Пахтакор»нинг ушбу мавсумда ҳаммадан кўра кучли ўйин кўрсатганини барча тан олди. Шунинг учун чемпионликни ҳам анча олдин расмийлаштириб қўйди. Лекин бунинг натижасида интрига ҳам шунга яраша эрта тугади. Кўпчилик эса мавсумни у қадар қизғин кечмагани ҳақида гапиришяпти…
- Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Аксинча, мавсум қизиқарлироқ кечди. Ҳа, биз чемпионат тугашига олтита тур қолганида чемпион бўлдик. Кейин эса таркибимиздаги ёшларга ҳам кўпроқ имконият берилди. Бунисини эса яхши ҳолат деб ҳисоблайман.
- «Пахтакор» ўзи қатнашган деярли барча «фронтлар»да зафар қучди. Ўзбекистон чемпионлиги, Ўзбекистон Кубоги соҳиби ва Лига Кубогининг ҳам ғолибига айланди. Сизнингча, булардан қайси бири сиз учун кўпроқ қадрлироқ?
- Биласизми, мен учун ҳар бир соврин муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун мен қайси бири муҳимроқ дея алоҳида айта олмайман. Лекин, ўйлашимча, Суперлигани ютганимиз энг асосийси бўлди. Чунки бу бизга Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ эшикларини очди. Қолаверса, охирги пайтларда «Пахтакор» Ўзбекистон чемпиони бўла олмаётганди. Орадан тўрт йил ўтиб чемпионликни қўлга киритдик.
- Сиз чемпионат доирасида 23 та гол уриб энг яхши тўпурарга айлана олдингиз. Умумий ҳисобда эса жорий йилда «Пахтакор» таркибида барча мусобақаларда ҳаммаси бўлиб 33 та гол уришга эришдингиз. Бу кўрсаткич сизни қониқтирган бўлса керак-а? Ёки «Пахтакор»га ўтгач голлар уришим осонлашди деб ўйлайсизми?
- Авваламбор, ушбу мавсумда рақиблар дарвозасига кўплаб голлар ура олганимдан хурсанд бўлганимни айтишим керак. Лекин бунинг учун аввало жамоадошларимга раҳмат айтишим лозим. Ахир бир ўзим ҳеч нима қила олмасдим. Шундай экан, шерикларим менга ёрдам беришмаганида бундай голлар ҳам бўлмаган бўларди. Шу боис айтишим жоизки, бу ўринда жамоа бўлиб ҳаракат қилганимиз муваффақиятимизнинг калити бўлди.
- Драган, урган голларингиз орасида ўзингиз учун энг чиройлиси дея қайси голингизни айтган бўлардиниз?
- Биласизми, аслида киритган барча голларим ўзим учун худди болаларим каби. Балки энг чиройли голимни мавсумнинг биринчи турида «Локомотив» дарвозасига киритгандирман. Ўшанда парашют услубида киритган голим чиндан ҳам жуда чиройли чиққанди.
- Чемпионат тугаб, ҳамма таътилга чиқиб кетди. Энди қаерда ҳордиқ чиқаряпсиз?
- Ҳозирги пайтда оилам билан бирга уйдаман. Айни чоғда эса футбол ҳақида умуман ўйлаётганим йўқ. Шунчаки, қишки таътилдан фойдаланиб маза қилиб дам оляпман.
- «Пахтакор» келаси йили ҳам Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этади ва кўпчилик клубнинг мавқеи ОЧЛ даражасида эканлигини айтишмоқда. Умуман олганда, янги мавсумда жамоангизнинг Осиё Чемпионлар лигасидаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Ҳаммаси қадамба-қадам бўлади. Энг асосийси, биз мавсумга кучли тайёргарлик кўришимиз керак. Қолгани кейин бўлаверади.
- Умуман олганда, «Пахтакор»нинг бўлажак рақиблари ҳақида қандай фикр билдира оласиз? Кўпчилик эса клубни қийин гуруҳдан жой олганлигини айтишяпти.
- Албатта, ўзига яраша кучли гуруҳ. Лекин ўтган йили биз бундан-да, кучли гуруҳга тушгандик.
- Драган, кўпчилик сизни Ўзбекистон миллий терма жамоамиз учун ўйнашингиз борасидаги масалани ҳамон муҳокама қилишмоқда. Бу борада сизга чиндан ҳам таклиф билдиришганми?
- Менимча, ҳозир бунинг иложи йўқ. Ўзбекистонда беш йил ўйнашим, шундан кейин ФИФАдан рухсат олишим керак.
- Умуман олганда, 2019 йил якунларига кўра сизни ҳамма Ўзбекистон чемпионатидаги энг яхши легионер деб ҳисоблашяпти. Бу борада яқин орада мукофот олсангиз ҳам ажаб эмас. Бунга муносабатингиз қандай?
- Бунинг учун хурсандман ва барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Ўзингиз Ўзбекистон чемпионатида кимни энг яхши футболчи деб айтган бўлардингиз?
- Жалолиддин Машариповни.
- Айтинг-чи, чемпионатимиздаги қайси ҳимоячига қарши ўйнаш сиз учун қийин бўлди?
- Биласизми, қачондир мен ҳақимда шубҳага боришса, бу мен учун оғир бўлади.
- Қўлга киритиш мумкин бўлган яна қандай мақсадларингиз қолди?
- Бу йил энди йўқ. Келаси йили янада кучлироқ ўйин намойиш этишга ва Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.
- Футболдаги фаолиятингизда сиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган уч нафар мураббийни айта оласизми?
- Исроилдан Тан Банин. Ўзбекистондан эса Рўзиқул Бердиев билан Шота Арвеладзе.
Фикрлар