Душан Мийич: "Майдонда яхши кўринар эканман, бунда мени эмас, Абрамовни мақташлари керак"
Суперлигага қайтган Самарқанднинг “Динамо” клуби янги мавсум учун таркибини янада мустаҳкамламоқда. Сербиялик легионер Душан Мийич билан шартнома узайтирилди.
У жамоага ўтган йилнинг ёзида келганди ва “Динамо”нинг Суперлигага қайтишига ёрдам берди. Про лигада 10 та, Ўзбекистон Кубогида эса 3 та учрашувда майдонга тушди.
Марказий ҳимоячи яхши таассурот қолдиргани сабабли бош мураббий Вадим Абрамов уни бу йилги мавсум учун ҳам сақлаб қолди.
- Душан, сиз “Динамо” клубига 2023 йилнинг ёз фаслида қўшилгандингиз ва клубни Суперлигага қайтишига ёрдам бердингиз. Бу борадаги таассуротларингиз қандай?
- Салом, мен “Динамо”га дўстимнинг таклифига биноан келдим. Арманистонда ўтган аъло даражадаги мавсумдан кейин ўзимни янги лигада синаб кўриш истаги туғилди. Фаолиятимда янги қадам ташлаш учун ажойиб имконият кўрдим ва шунга жазм қилдим. Дастлабки таассуротлар - қойилмақом клуб, атрофингда эса Суперлига мақомига ҳар томонлама мос тушадиган инсонлар!!! Жамоа олдига қўйилган асосий вазифани бажарганимиздан хурсанд бўлдим. Шунингдек, менга худди клуб каби Самарқанд шаҳри ҳам жуда ёқиб қолди. Умуман олганда, бутун Ўзбекистондаги вазият менда илиқ таассурот қолдирмоқда.
- Легионер бўлсангизда про лигада ўйнашга рози бўлгандингиз. Ўшанда бу сиз учун таваккал қарормиди?
- “Динамо”га кўчиб ўтишим мен учун таваккалона қадам бўлмаган. Юқорида қайд этиб ўтганимдек, фаолиятимда ўсиш қилишим учун менга янги чорлов керак эди.
- “Динамо” билан шартномангизни узайтирдингиз. Энди янги мақсадлар қандай?
- “Динамо” билан тузган шартномамни узайтирдим. Чунки бизнинг мақсадимиз - майдонда жуда яхши жамоа эканлигимизни имкон қадар яхши суръатда кўрсатиб қўйишдан иборат. Суперлига мақомига мос эканлигимизни намойиш этишдан ўзимизни янада дадил ҳис қиламиз.
- Бизнинг чемпионатда сербиялик ўйинчилар талайгина. Уларнинг орасида сиз учун энг яқинлари кимлар?
- Бу ерда бизнинг ўйинчиларимиз анчагина. Кубок доирасида Драган Черан ва Марко Станоевичга қарши майдонга тушдим. Айтиш керакки, шу иккала футболчи менга бошқалардан кўра яқинроқ.
- Илгари “Динамо” устози Вадим Абрамов ҳақида билармидингиз ёки шу ерга келиб билдингизми? Қандай фикрдасиз?
- Илгари мураббий Абрамов билан таниш эмасдим. Лекин унинг ўзбек футболида афсона ҳисобланишидан хабарим бор эди. Абрамовнинг ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасини яхши бошқарганини ҳам билардим. У - аъло даражадаги мутахассис ва ўз ишинг устаси. Абрамов футболчи сифатида ўсишимга ёрдам кўрсатишда давом этмоқда, десам муболаға бўлмайди. Мураббий менга тўғри йўл кўрсатмоқда. Шу боис майдонда янада яхши кўринар эканман, бунда мени эмас, мураббийимизни мақташлари керак. Абрамов - зўр мураббий ва ажойиб инсон!
- Самарқандликлар таркибида 44-рақамда ўйнаяпсиз. Бу сиз учун нимани англатади?
- “Динамо”га келган пайтимда қабул қилиб олган 44-рақам мен учун алоҳида аҳамиятга эга эмас, аммо уни Суперлигада ҳам сақлаб қолишга қарор қилдим.
- Суперлигани кузатгандирсиз. Сизга ҳаммадан кўра кўпроқ нимаси ёқди?
- Ҳа мен олдинги йилларда Суперлига доирасида ўтказилган учрашувларни томоша қилганман. Қолаверса, менинг бу лигада ўйнайдиган юртдош дўстларим талайгина эди. Суперлигада футбол юқори савияда, стадионлар ҳам талабга жавоб беради, айниқса, ишқибозлар менда катта таассурот қолдиради. Умуман олганда, Суперлига ҳар томонлама талабга жавоб беради. Ўз навбатида биз ҳам юқори сифатли ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз ва яхши натижа қайд этиш учун барча ишни амалга ошириш ниятимиз бор.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар