ЕЧЛ чемпиони ва Ла Лига пешқадами иштирокидаги ўйинлар учун превью

Бугун Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг энг сўнгги ўйинлари бўлиб ўтади. Барча гуруҳлардага ҳолат анча қизғин, "ўлим гуруҳлари"даги вазият эса одамни шокка солиши ҳеч гап эмас. Кеча жами 4 та гуруҳда кейинги босқич масаласи деярли ҳал бўлиб улгурди. Фақатгина ПСЖнинг қолдирилган ўйини туфайли «гуруҳида ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Бугун оқшомдаги ўйинлар орқали яна 4 та гуруҳдан плей-оффга йўл олувчи жамоалар номи ойдинлашади. Биз бугун сиз билан «А» гуруҳининг икки гранди иштирокидаги баҳслар ҳақида гаплашамиз. Ишонамизки, бу ердаги вазият сизларни зериктириб қўймайди. Бошладик.

Бавария” - “Локомотив”

Eox482wXEAAH3ug

«Бавария»

Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби ва Бундеслига пешқадами бўлмиш Мюнхеннинг “Бавария” клуби бу мавсум ҳам худди ўтган галгиси каби сермаҳсуллик намойиш этмоқда. Немис клуби ЕЧЛнинг дастлабки 5 турида 4 та ғалаба ва 1 та дуранг қайд этган ҳолда гуруҳда 1-ўринни нақд қилиб улгурган. Ўтган турда 2-таркиби билан Мадриддан бир очко билан қайтган мюнхенликлар сўнгги 5 ўйинда 2 та ғалаба ва 3 та дурангга эришди. Клуб таркибидаги турли жароҳатлар ва йўқотишлар бора-бора жамоанинг натижаларига ҳам таъсир қилмоқда. Шундай бўлса-да, кучли жамоа бўлиб шаклланган Флик шогирдлари ҳозирча йўқотишларсиз ўз юришини давом эттирмоқда. Бугун уларда ҳеч қандай босим йўқ, ўйин қандай натижа билан якунланишидан қатъи назар, “Бавария” кейинги босқичга 1-ўрин билан йўл олади.

Тахминий таркиблар: Нойер; Сарр, Зюле, Алаба, Ричардс; Мусиала, Рока, Горецка; Гнабри, Шупо-Мотинг, Коста.

Ўйнамайди: Киммих, Мартинес, Толиссо, Эрнандес, Боатенг, Дэвис, Левандовски (дам берилди).

Ханси Флик:Муваффақиятни абадий сақлаб қолишнинг иложи йўқ. У сизга вақтинчаликка берилади. Лекин уни қанча кўп вақт ушлаб туриш ўзингизга боғлиқ. Таркиб борасидаги муаммоларимиз секин-аста камаймоқда. Шундай экан, биз яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз”.

«Локомотив»

Москванинг “Локомотив” клуби учун ЕЧЛнинг янги мавсуми у қадар омадли келмади. Клуб 5 та турдан сўнг жами 3 очко қўлга киритган ҳолда гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турибди. 3 та дуранг орқали 3 очкога эга бўлган Марко Николич шогирдлари “Атлетико”га 2 ўйинда ҳам ютказмаганликлари билан фахрланиб юришлари мумкин. Умуман олиб қараганда, русларда Европа Лигасига чиқиш учун кичик бўлса-да, имконият сақланиб қолган. Бунинг учун улар бугун немисларни енгиши ва “Атлетико”нинг Зальцбургдан ғалаба билан қайтишини ният қилиб туришлари лозим. Тўғри, бу жуда қийин вазифа, лекин шундай бўлса ҳам, уларнинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Шунинг учун «темирйўлчилар» бугун борини бериб ўйнайди ва максимум натижа қайд этишга ҳаракат қилади.

Тахминий таркиблар: Гильерме; Чорлука, Живоглядов,Серкейра, Рибус; Игнатьев, Миранчук, Криховьяк, Магкеев; Лисакович, Эдер.

Ўйнамайди: Баринов, Зе Луиш, Лисов, Смолов, Куликов.

Марко Николич: Жамоам бугун яхши ўйин намойиш этишини истайман. “Бавария” бугун қандай таркибда майдонга тушиши аҳамиятсиз, уларда барибир етарлича класс бор. Бизда ҳам таркиб бўйича муаммолар бор, бироқ мўъжиза кўрсатиш учун боримизни бериб ҳаракат қиламиз. Муҳими, биз баҳорда ҳам Европада ўйнашни истаймиз”.

EovSaAfXIAUYXfl

Ред Булл” Зальцбург - “Атлетико” Мадрид

Ред Булл” Зальцбург

Австрия чемпионлари ўтган мавсумдаги тўпурари Эрлинг Холандни “Боруссия”га сотиб юборганидан сўнг ҳам, ЕЧЛдаги шаҳдам юришини давом эттирмоқда. Клубда гол уриш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ, австрияликлар деярли ҳар бир баҳсда 2+ гол уришга муваффақ бўлмоқда. Мадриддаги баҳсда 1-2 ҳисобида олдинда бора туриб, якунда 3-2 ҳисобида мағлуб бўлган, ўз уйида эса “Бавария”га 2 та гол уриб, уларга етарлича рақобат намойиш этган. Хуллас, “Ред Булл”да гол уриш муаммо эмас. Муҳими устунликни сақлаб қолиш. Жамоа бу мавсум жуда кўп ўйинларда ҳисобда олдинда бора туриб, охирида мағлубиятга учраган. Барқарорликни сақлаб туриш эвазига улар плей-оффга йўл олиши мумкин. Бугун ғалаба қозонган тақдирда, Зальцбург клуби 2-ўрин билан гуруҳ босқичини якунлайди. Бунга эришиш учун эса, улар бугун борини бериб ўйнаши шарт, дуранг жамоани қониқтирмайди.

Тахминий таркиблар: Станкович; Ульмер, Вобер, Рамальо, Кристенсен; Собослаи, Ашимеру, Жунузович, Мвепу; Коита, Бериша.

Ўйнамайди: Бернед, Камара.

Жесси Марш: “Шиддат ва ихчамлик - бизнинг услубимиз. Боримизни бериб ўйнаймиз, 1-гол барчасини ҳал қилиши ҳам мумкин. Биринчи гол урган тақдиримизда, “Атлетико”нинг ўзи бизга шароит яратиб бериши мумкин. Муҳими яхши старт. Ҳаммаси шунда ҳал бўлади”.

Eou3_nUXIAEP2pB

Атлетико” Мадрид

Амалдаги Ла Лига пешқадамлари янги мавсум Чемпионлар Лигасида ўзига ўхшамаяпти. Мадрид клуби илк турда мюнхенликлардан 0-4 ҳисобида қақшатқич зарбани қабул қилиб олгач, 2-турда “Ред Булл”ни ўз уйида зўрға мағлуб этди. Учинчи ва тўртинчи турларда “Локомотив”ни юта олмаган мадридликлар 5-турда 2-таркиби билан Мадридга ташриф буюрган “Бавария”ни ҳам енга олмади ва ҳозирда 6 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. 1/8 финалга йўл олиш учун улар бугун камида дурангга эришишлари лозим. Мағлубият уларни Европа Лигасига равона қилади. Шу сабабли улар бугун меҳмонда қизғин кураш таклиф этишлари шубҳасиз. Яна ким билан? Ҳар турда 2+ гол урадиган жамоа билан. Ўйинда зерикиб қолмаслигингиз аниқ.

Тахминий таркиблар: Облак; Савич, Фелипе, Эрмосо; Триппьер, Коке, Карраско, Льоренте, Сауль; Фелиш, Суарес, Корреа.

Ўйнамайди: Коста, Хименез.

Диего Симеоне: «Зальцбург» клуби - жасур мураббийнинг жасур жамоаси! Улар сизга тенгма-тенг кураш таклиф қилади, очиқ ўйнайди. “Бавария”ни ҳам 80-дақиқага қадар бўғиб қўйгани барчани ёдида. Улар сизни тўпсиз ўйнашга мажбур қилади ва тезкор жавоблар қайтаради. Муҳими, биз ўзимизга ишонамиз”.

EovZPwMXEAoKKec

Ҳулоса ўрнида

«А» гуруҳи қуръа ташланган пайтдаёқ етакчи ва аутсайдерларини топиб бўлган эди. Бироқ “Атлетико”нинг бундай беқарор ўйини барча хулосаларни унчалик тўғри бўлмаганини кўрсатиб қўйди. Вазият анча қийин ҳолга келиб қолганлиги туфайли бугун уларнинг хато қилишга ҳаққи йўқ. Шу боис, катта эҳтимол билан Симеоне энг кучли ўйинларидан бирини кўрсатиши кутилмоқда. Интригасиз ўйнайдиган мюнхенликлар эса барибир ғалаба учун ҳаракат қилиши ва катта эҳтимол билан бунга эришиши кутиляпти.

Албатта, буларнинг барчаси тахмин, барчасига майдонда гувоҳ бўламиз.

Абдулла Маннонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!