ЕЧЛ. "Реал" - "Милан", "Ливерпуль" - "Байер": Бугунги ўйинлар мухлисларни зериктирмайди

Бугундан бошлаб УЕФА Чемпионлар лигасининг 4-тур учрашувлари старт олади. Муҳим учрашувлар рўйхати ва уларнинг бу мавсумда қайд этган рақамлари билан танишинг. 

Бугун ПСВ ва "Жирона" клублари ўртасидаги тўқнашув 4-турни очиб беради. Нидерландия жамоаси бу мавсум ҳали ғалаба қозона олмади - 2 та дуранг ва 1 та мағлубият. "Жирона" эса дастлабки турларда ПСЖ ва "Фейеноорд"га қарши мағлубиятлардан сўнг сўнгги турда "Братислава" устидан иродали ғалаба эришди. ПСВ ҳозирда 2 очко тўплаб, умумий турнир жадвалининг 28-ўринида кетмоқда. "Жирона" эса ягона ғалаба орқали 3 очко жамғарди ва 24-ўринни эгаллади. 

2-турда Мадриднинг "Реал" клуби устидан иродали ғалабага эришган "Лилль" бу сафар Туриннинг "Ювентус" клуби билан куч синашади. Мотта бошчилигидаги туринликлар ПСВ ва "Лейпциг"га қарши баҳсларда ғалабалардан сўнг сўнгги турда Германиянинг "Штуттгарт" клубига кичик ҳисобда мағлуб бўлди (1:0). "Лилль" эса 1-турда "Спортинг"га қарши аламли мағлубиятдан сўнг кейинги 2 учрашувда Мадриднинг "Реал" ва "Атлетико"сини мағлуб этди. Шунинг учун икки клубда ҳам 6 очкодан мавжуд бўлиб, ҳозирда 14 ва 15 ўринларни банд қилишмоқда. 

"Манчестер Юнайтед"нинг янги бош мураббийи бўлган Аморим бошчилигидаги "Спортинг" бу турда Пеп Гвардиоланинг "Манчестер Cити"сига қарши майдонга тушади. Икки жамоа ҳам 3 та турдан сўнг 2 та ғалаба ва 1 та дурангга эришиб, 7 очкодан жамғаришди. "Cити" дастлабки турда "Интер" билан дуранг қайд этгандан сўнг навбатдаги учрашувда "Братислава" ва "Спарта Прага" устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Португалия клуби эса 2-турда ПСВ билан тўқнашувда жанговар дурангга имзо чеккан (1:1). Турнир жадвалида инглиз клуби тўплар нисбати бўйича юқорироқ ўринда турибди. 

Бу турда бир нечта қизиқарли учрашувлар бор. Булардан бири "Ливерпуль" ва "Байер" тўқнашуви. Ўтган мавсумни супер тарзда ўтказган Хаби шогирдлари бу турда Слот босчилигидаги "Ливерпуль"га қарши баҳс олиб боради. АПЛ жамоаси "Милан", "Болонья" ва "Лейпциг" клублари устидан ғалаба қозониб, 100 фоизлик натижа қайд этмоқда. "Байер" эса "Фейеноорд", "Милан" билан баҳсларда муваффақиятга эришиб, сўнгги турда "Брест" билан дуранг қайд этди. Мерсисайдликлар 9 очко тўплаб, фақатгина тўплар нисбати бўйича "Астон Вилла"дан ортда қолмоқда. "Байер" эса 7 очко тўплаб турнир жадвалининг 6-поғонасида кетмоқда. 

Турнинг марказий учрашуви эса Испаниядаги "Сантьяго Бернабеу" стадионида бўлиб ўтади. Бунда "Реал Мадрид" ўз уйида "Милан"ни қабул қилади. Мадридликлар 1-турда "Штуттгарт" устидан ғалабага эришиб, кейинги турда "Лилль"га аламли мағлубиятга учради. Сўнгги турда эса Дортмунднинг "Боруссия"си билан тўқнашувда супер камбек амалга ошириб йирик ҳисобда рақибини енгди. "Милан" эса "Ливерпуль" ва "Байер"га қарши баҳсларда мағлуб бўлиб, сўнгги турда "Брюгге" устидан ғалаба қозонди. "Қаймоқранглилар" ҳисобида 6 очко мавжуд бўлиб, турнир жадвалининг 12 ўринида кетаётган бўлса, миланликлар ягона ғалаба туфайли 3 очко жамғарди ва 25-ўринни банд қилди.

Эслатиб ўтамиз, турнир жадвалининг 1-ўрнидан 8-поғонасигача бўлган клублар тўғридан тўғри плей-офф босқичига йўл олишади. 9-ўриндан 24-ўринлардаги жамоалар эса саралаш орқали 8 таси кейинги босқичга чиқади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!