
Эдди Хау: "Исак "Ньюкасл"нинг қўллаб-қувватлашисиз муваффақиятларга эришмаган бўларди"
"Ньюкасл" бош мураббийи Эдди Хау Александр Исак билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди. Швециялик ҳужумчи жамоа машғулотларига боришдан бош тортмоқда ва "қарғалар" сафида ўйинларда иштирок этиш ниятида эмас. Аввалроқ ОАВда 25 ёшли футболчи "Ливерпуль"га ўтишни истаётгани, аммо "Ньюкасл" уни қўйиб юбормоқчи эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
"Исак билан боғлиқ вазият ўзгармади. Бутун диққат-эътиборим машғулотларга, "Астон Вилла"га тайёргарликка ва янги трансферларга қаратилганди. Алекс билан боғлиқ вазият бир мунча вақтдан бери ўзгармаяпти ва шу кунгача давом этмоқда.
Алекс билан муносабатларимиз жуда яхши эди. Ҳар бир ўйинчи билан шериклик муносабатларини сақлаб қолишимиз керак. Мен футболчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилишим ва уларни яхшилашга, ўргатишга, баъзида эса юпатишга ҳаракат қилишим керак. Футболчилар жуда кўп турли ҳис-туйғуларни бошдан кечиришади ва мен ҳар доим улар билан бирга бўлишни хоҳлайман.
Менимча, Исак ҳозиргидек муваффақиятларга бизнинг жамоамизсиз, жамоадошлари, мухлислари ва "Ньюкасл"нинг қўллаб-қувватлашисиз эришмаган бўларди. У буни тан олади. У жуда ақлли инсон ва "Ньюкасл"га алоқадор бўлганларнинг барчасисиз бундай муваффақиятга эриша олмаслигини билади", - дея Хаунинг сўзларини келтирди "Ньюкасл" матбуот хизмати.
Фикрлар