"Эл-класико"лар ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотлар

24 октябрь куни биз узоқ кутган беллашув - "эл-класико" бўлиб ўтади. Ушбу ўйин олдидан баъзи қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

-"Реал" устози Зинедин Зидан ҳали бирор марта "Камп Ноу"да ютқазмаган. 2016 йил январь ойидан бери "Қироллик клуби"ни бошқариб келаётган франциялик мутахассис бу вақт мобайнида Каталонияда жами 5 та ўйин ўтказган ва шуларнинг 3 тасида дуранг ўйнаган. Қизиқарлиси, "кўк-анорранглилар" майдонида ўтган илк "класико"да Зидан 2:1 ҳисобида зафар қучиб, рақибининг 39 та ўйинлик мағлубиятсиз серияси якунланишига сабабчи бўлган. Яна бир ғалаба Испания суперкубоги доирасидаги 3:1 ҳисобида тугаган ўйинда қўлга киритилганди.

-"Блаугранас" етакчиси Лео Месси "Реал"га қарши кечган сўнгги 6 ўйинда гол ура олмади. Охирги бор аргентиналик юлдуз 2018 йил 6 май куни "Камп Ноу"да бўлиб ўтган учрашувда тўп киритган эди. Эътиборлиси, "Реал"нинг собиқ футболчиси, Мессининг персонал рақобатчиси Криштиану Роналду ҳам айнан ўша куни "эл-класико"лардаги сўнгги голини урган эди.

-Ҳар икки жамоа сардорлари ўртасида "класико"ларда майдонга тушиш борасида жиддий рақобат кетмоқда. Рамос 44 та, Месси эса 43 ўйин билан энг кўп ўйин ўтказган футболчилар рўйхатини бошқариб бормоқда. Уларнинг иккаласи ҳам олдиндаги учрашув учун қайдномага киритилганлигини ҳисобга олсак, рақамлар сони ортиши аниқ.

-Ушбу беллашувлар тўпурари "кўк-анорранглилар" етакчиси Лионель Месси ҳисобланади. Унинг ҳисобида "Реал" дарвозасига киритилган турли мусобақалардаги 26 та гол бор. "Қаймоқранглилар" сафида эса, фаолиятини шу клуб таркибида давом эттираётганлар орасидан Карим Бензема 9 та аниқ зарба билан энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади.

-"Барселона" ва "Реал" умумий ҳисобда 244 та расмий ўйин ўтказган бўлиб, уларда ҳар икки жамоа 96 тадан ғалабага эришган, 52 та учрашувда муроса кўчаси танланган. Тўплар нисбати кичик устунлик билан "Қироллик клуби" томонида: 405:399. Демак, қайсидир жамоада ҳисобдаги фарқни ўз тарафига оғдириш учун яхши имконият бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!