
ЕЛ тарихи, испанларнинг барҳам топган хукмронлиги, инглизча финалнинг биринчи қисми ва Шота Арвеладзенинг мусобақага боғлиқлиги
Нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган Европа лигасида бугун Лондон дербиси шоҳидига айланамиз. Ўйин бошланишига бир неча соат вақт бор. Финалда “Челси” ва “Арсенал” куч синашиши ва бошқа маълумотлар борасида интернет орқали ўқиб, танишиб бораётганлигингиз аниқ. Биз эса турнир тарихи борасида тўхталмоқчимиз.
Ушбу мусобақа дастлаб Кубок УЕФА номи остида 1971 йили ташкил этилган. 2009 йилдан эса Европа лигаси деб атала бошланди. Шу пайтга қадар мусобақанинг 4 марта логотипи ўзгарган.
Илк чемпион “Тоттенхэм”. Охирги ғолиб “Атлетико”. Кубокни энг кўп қўлга киритган жамоа бу “Севилья”. Севильяликлар 5 марта чемпионликка эришишган. 16 жамоа бир мартадан шоҳсупанинг энг юқорисига кўтарилган. 21 жамоа финалда мағлуб бўлмаган.
Мамлакатлар кесимида оладиган бўлсак, мусобақада чемпион бўлиш борасида Испания етакчи. Ла Лига вакиллари 11 марта кубокни бошлари узра баланд кўтаришган. 5 марта финалдан қуруқ қўл билан қайтишган.
Италияликлар эса 9 бор ғолиб чиқишган. 6 марта ҳал қилувчи беллашувда имкониятни бой беришган.
Англияда бу кўрсаткич 8 га 6 ни ташкил қилади. яъни 8 марта кубок соҳиби, 6 бор мағлубият. Аммо АПЛ клублари бу мавсум финалга чиққанликларини инобатга олсак, ҳозирданоқ уларни иккинчи поғонага кўтариб қўйишимиз мумкин. Чунки финалнинг ғолиби ҳам, мағлуби ҳам айнан инглиз клуби бўлади.
Лига тўпурарлари борасида гап кетганда, албатта, Радамель Фалькаони қайд этиб ўтиш жоиз. Чунки турнирнинг яқин йиллар ичидаги энг яхши ўйинларидан ва кўп голлар урган футболчиларидан бири. Аммо колумбиялик ҳужумчи мутлақ тўпурар эмас. Унда аввал голландиялик 34 гол билан Клас-Ян Хюнтелар ва 40 гол билан Хенрик Ларссон бор. Фалько эса рақиблар дарвозасини 31 марта ишғол қилган.
Эътиборга молик томони “Пахтакор” клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳам футболчилик фаолияти давомида ушбу мусобақада 27 та гол урган экан.
Мусобақада энг кўп гол урган футболчилар
Ўрин |
Футболчилар |
Голлар |
1 |
Хенрик Ларссон |
40 |
2 |
Клас-Ян Хюнтелар |
34 |
3 |
Радамель Фалькао |
31 |
4 |
Дитер Мюллер |
29 |
5 |
Шота Арвеладзе |
27 |
6 |
Алессандро Альтобелли |
25 |
6 |
Младен Петрич |
25 |
8 |
Клаудио Писарро |
24 |
9 |
Юпп Хайнкес |
23 |
9 |
Ариц Адурис |
23 |
9 |
Оскар Кардосо |
23 |
9 |
Димитриос Салпингидис |
23 |
Энг кўп ўйин ўтказиш борасида италиялик Жузеппе Бергомига тенг келадигани йўқ. У 96 учрашувда майдонга тушган. Германиялик Франк Ростга мураббийлар 90 марта имконият яратиб беришган бўлса, учликни 76 ўйин билан Димитриос Салпингидис якунлаган.
Мусобақада энг кўп ўйин ўтказган футболчилар
Ўрин |
Футболчилар |
Ўйинлар сони |
1 |
Жузеппе Бергоми |
96 |
2 |
Франк Рост |
90 |
3 |
Димитриос Салпингидис |
76 |
4 |
Младен Петрич |
72 |
5 |
Жоау Перейра |
71 |
6 |
Вальтер Дзенга |
69 |
6 |
Атиба Хатчинсон |
69 |
8 |
Валид Бадир |
67 |
9 |
Энцо Шифо |
66 |
9 |
Пепе Рейна |
66 |
9 |
Тимми Симонс |
66 |
"Челси" ва "Арсенал" шу пайтга қадар бир мартадан финалда ўйнаган. "Арсенал" 2000 йили финалда пенальтилар сериясида "Галатасарой"га 4:1 ҳисобида имкониятни бой берган. "Челси" эса 2013 йили "Бенфика"ни 2:1 ҳисобида таслим этиб, чемпионликка эришган.
Кўпчилик испанияликларнинг айниқса, “Севилья”нинг ҳукмронлиги барҳам топди демоқда. Бу бор гап. Чунки сўнгги йилларнинг кетма-кет чемпиони ҳисобланган севильяликлар ва мадридликлар финалда иштирок эта олишмайди. Бу галги финалда ушбу кубокни яхши кўрадиган Унаи Эмери ва “Челси” мухлислари томонидан охирги уриниш сифатида қаралаётган Маурицио Сарри тўқнашувининг шоҳидига айланамиз. Ким ғолиб чиқишини эса вақт кўрсатади.
Финал хабарингиз бор, Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида ўтказилади. Учрашув Тошкент вақти билан 00:00да старт олади.
29 май. ЕЛ финал Баку.
"Олимпийский" стадиони
00:00. “Челси” – “Арсенал”
Комментарии