Элдор Шомуродов: "Вазиятларимиздан фойдаланганимизда бемалол 2 тадан кўп гол ура олар эдик"
"Истанбул Башакшеҳир" ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоамизнинг ҳужумчиси ва етакчиси ҳисобланган Элдор Шомуродов Мисрга қарши тўқнашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Биринчи бўлимда катта устунлик биз томонда бўлди. Вазиятлардан фойдаланганимизда 2 тадан ҳам кўпроқ гол ура олар эдик. Биринчи бўлимдаги ғалабадан сўнг иккинчи бўлимда ҳимояга кўпроқ эътибор бердик. Шунингдек, улар ҳам ўйин режасини ўзгартирди ва шу сабаб ҳам ташаббусни бериб қўйдик. Бироқ, асосийси - гол ўтказмадик!
Назаримда, қулай имкониятларни голга айлантира олмаганимиз - энг катта хатомиз бўлди. Аммо энг муҳим жиҳатлардан бири - вазиятлар яратишдир. Биз эса бу нарсани бу учрашувда амалга ошира олдик. Бу Остон билан ҳам, Азизбек билан ҳам бир-биримизни яхши тушунаётганимиздан далолатдир.
Албатта, прессинг қилишга ҳаракат қилдик. Биласиз, ҳар хил ўйин бўлади. Айтганимдек, дастлабки бўлимда прессинг амалга ошириб, ташаббусни ўз қўлимизга олиб, ҳаракат қилдик ва иккинчи бўлимда кўпроқ ҳимояга эътибор қаратдик. Менимча, замонавий футболда барча нарсага тайёр туриш керак: ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам. Чунки баъзи ўйинларда прессинг қилишингизга тўғри келади, баъзида эса рақиб кучли бўлгани боис, ҳимоядан ҳаракат қилишга тўғри келади. Шу сабаб, барча нарсага тайёр туришимиз зарур.
Эронга қарши ҳар доимдагидек ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз", - дея терма жамоамиз сардори ҳисобланган Элдор Шомуродов ўз фикрларини якунлади.



Фикрлар