Элдор Шомуродовнинг
Ads

“Ростов” сафида Россия чемпионатида дебют мавсумини ўтказган ҳужумчи Элдор Шомуродов айни пайтда таътилни ўз уйида – Сурхондарёда ўтказяпти. Иқтидорли футболчининг у ердаги фаолиятини кўпчилик қизиқиш билан кузатиб боргани рост. “Бунёдкор”дан “Ростов”га кўчиб ўтганидан кейин Шомуродов фаолиятида олдинга қадам ташлади. Аммо унинг янги клубига мослашиб олиши учун вақт керак бўлиши аввалдан маълум эди. Шу сабабли ҳамюртимизнинг Россия чемпионатига кўникиши осон бўлгани йўқ. Айниқса, унинг гол уриши анча пайтга чўзилди. Лекин барибир Шомуродов гол уришни уддалади. Ҳисобласак Элдор “Ростов”да 17 та учрашувда 2 та гол урди. Ёдингизда бўлса, “Тосно”га қарши учрашувда ҳамюртимиз дублга эришганди.

- Россия чемпионатининг савияси анча юқори, у ердаги таассуротларим албатта ижобий, - дея гап бошлади Шомуродов. - У ерга анча мослашиб олдим. Иккинчи мавсумда янада кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб жамоамга ёрдам бера оламан деб умид қиламан. У ерда легионер бўлиб ўйнаш жуда оғир. Сизга қўшимча босим юклайди.

“Ростов”га қўшилган пайтингизда у ерга мослашиш сизга анча қийин бўлганди... Биринчи марта бегона чемпионатга бордим. Мен савияси кучли чемпионатга келганимни билардим. Шу боис бошида менга анча қийин бўлди. Аммо вақт ўтган сари машғулотларда ўз устимда кўпроқ ишлаб анча ўзимга келиб олдим.

- “Ростов”да сизга биринчи навбатда ёрдам берган ва қўллаб-қувватлган инсон ким бўлди?

- Алоҳида бир кишини айта олмайман. Жамоада барча билан муносабатим яхши. Керак пайтда қўллаб-қувватлашади. Ким биландир сен-менга борганим йўқ.

- Шу вақт давомида клубда ўзингиз учун яқин дўст ҳам орттиргандирсиз?

- Ҳа, бор. Артур Юсупов ва Евгений Макеев билан кўпроқ бирга бўламан ва хазил-хузул қилиб юрамиз. Қолаверса, Владимир Дядюн билан ҳам шундай муносабатдаман. Клубдаги легионерлар билан ҳам алоқам яхши. Аммо улар билан гаплашиш қийинроқ. Чунки рус тилида яхши гапира олишмайди. Асосан инглиз тилида сўзлашади.

- Жамоадаги энг жиддий футболчи ким?

- Жиддий ўйинчими? Билмадим. Майдонда ҳамма жиддий қиёфага киради. Лекин майдон ташқарисида ҳамма бир-бирига яхши муносабатда бўлади.

- Бош мураббий Валерий Карпин билан биринчи марта ишлаяпсиз. У қандай мутахассис?

- Албатта, яхши мураббий. Ўзи футболчи бўлгани учун ўйинчиларни жуда яхши тушунади. Уларга қаерда қандай гапиришни ҳам билади. Тактик жиҳатдан ҳам Карпин ўзига яраша тажрибага эга. Ҳужумкор ўйинни ёқтирадиган мураббийлардан бири.

- “Тосно”га қарши ўйинда сиз иккита гол уриб учрашув қаҳрамонига айлангандингиз. Унгача эса умуман гол ура олмаётгандингиз. Ўша ўйин ҳақида ҳам эслаб ўтсангиз.

- Барибир бу қачондир юз бериши керак эди. Чунки анча вақт гол ура олмай юргандим. Мураббий мени орқароқда ҳам ўйнатди, аммо кўпроқ ҳужумчи сифатида майдонга туширарди. Ҳужумчи биринчи навбатда голлари билан танилади. Шунинг учун гол ура олмай келаётганим ўзим учун ҳам ноқулай бўлаётганди. Унгача ҳам бошқа ўйинларда менда имкониятлар бўларди. Баъзида дарвоза устунлари, баъзида дарвозабонларнинг маҳорати гол уришимга йўл қўйишмасди. Қаердадир омад етишмаётганди. “Тосно” билан ўйинда ҳам омадим келди. Биринчи голни урганимдан кейин дарҳол иккинчи голни ҳам урдим. Чунки “иштаҳам” очилганди. Ўша учрашувдаги ғалаба “Ростов”га ҳам жуда муҳим эди. Шу боис ўшанда икки ҳисса қувонгандим.

- Гол ура олмай келаётганингизда клубдагиларнинг сизга бўлган муносабати ўзгариб қолмадими?

- Йўқ. Клуб ишчилари ва футболчилари билан муносабатларим яхши бўлгани учун ҳаммаси менга ишонишган. Албатта, гол уришимни улар кутишганди. Дублга эришганимдан барчаси хурсанд бўлишди ва мени анчагача табриклашди. Бирортаси менинг гол ура олмаётганимдан ёмон алоқада бўлмаган.

- Дарвоқе, “Ростов”да молиявий томондан муаммолар юзага келаётгани ҳақидаги гаплар ҳам қулоғимизга чалинганди. Бу ростми?

- Жамоамизда жиддий тарздаги молиявий муаммолар йўқ. Фақат олдинги футболчиларидан оз-моз қарздорликлар бўлган ва шу ҳақидаги маълумотлар тарқагандир. Ҳозир эса деярли муаммо йўқ.

- “Ростов”да сизни ҳайрон қолдирган нарса нима?

- У ерда профессионаллик юқори даражада. Клубда барча ишлар аъло даражада ташкиллаштирилган. Бундан ташқари, клубнинг мухлислари ҳам алоҳида мавзу. Ростов футболни яхши кўрадиган шаҳар. Бунгача ўзим ҳам эшитгандим, аммо у ерга борганимдан сўнг ҳаммасига гувоҳ бўлдим.

- “Ростов” билан тўрт йиллик шартнома тузганингизни ҳисобга олсак, бундан нимадир кўзланган, шундайми?

- Ҳа, бир йили ўтди ва яна уч йил бор. Биринчи навбатда футболчи сифатида ўсишим керак. Кейинчалик ҳаммаси режа асосида давом этса, янада кучлироқ чемпионатга кетиш ниятим бор. Ҳамма ўзига баланд мақсадларни қўйиб шунга интилса, ўсиш бўлади. Мен ҳам шундай йўл тутяпман.

- Мавсум якунларига кўра жамоангиз ўз олдига қўйилган вазифани қанчалик бажарди деб ўйлайсиз?

- Мавсумни яхши бошлагандик. Лекин кейинчалик омадсизлик юз берди ва анча пайт юта олмадик. Аслида мақсадимиз жиддий эди. Бироқ очко йўқотаверганимиз туфайли якунда бироз қийин аҳволга тушиб қолдик. Йилнинг бошида ҳеч ким “Ростов”ни қийин вазиятга тушиб қолади деб ўйламаганди. Шунинг учун бу йил вазифа бажарилмади деб ўйлайман. Аммо янги мавсумда Европа лигасига йўлланма берувчи ўринлар учун курашамиз.

- “Бунёдкор”даги Шомуродов билан “Ростов”даги Шомуродов ўртасида фарқ бор. Бу борада ўзингизда қандай ўзгаришларни сезяпсиз?

- Ҳали айтганимдек, бошида анча қийналганман. Айниқса, ўйин ва машғулотларда менга қийин бўларди. Ҳозир эса мослашиб кетдим. Муҳими, олдингига қараганда, ўзимга бўлган ишончни ҳис қила бошладим. Албатта, ўтган вақт давомида ўсишга эришяпман деб ўйлайман. Қолаверса, илгари ҳужумчи сифатида доим ҳам ўйнамасдим. Эндиликда эса соф ҳужумчи ролида тўп суряпман. Шу томонлама ҳам кўп нарса ўрганяпман.

- Янги мавсумга тайёргарлик қачондан бошланади?

- 13 июнь куни Ростовда тўпланамиз. Кейин хориж йиғинига кетамиз.

- Миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги рақиблари ҳам маълум бўлди. Қандай фикрдасиз?

- Осиё Кубоги жиддий мусобақа. Дастлабки вазифамиз гуруҳдан чиқиш. Ҳеч бир жамоа осон рақиб эмас. Лекин биз БААга катта мақсадлар билан борамиз. Бизда имкониятлар катта.

- Ҳозирча терма жамоамизни вақтинчалик Тимур Кападзе бошқариб турибди. Унинг бошчилигида жамоамиз Сенегал, Марокаш ва Эронга қарши ўйнади. Энди Уругвай билан ҳам беллашади. Умуман, ҳозирги жамоамизни ҳам кузатиб боряпсизми?

- Албатта, кузатяпман. Осиё чемпионига айланган футболчиларнинг ҳаммаси менинг дўстларим. Уларни миллий терма жамоага жалб қилиб имконият яратиб беришяпти. Бундай юқори савиядаги рақибларга қарши ўйинлар футболчилар учун жуда фойдали бўляпти. Ўтказаётган ўйинларини ҳам кўряпман. Йигитлар яхши таассурот қолдиришяпти. Масалан, миллий терма жамоа сафида илк бор майдонга тушган ўйинчилар ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдиришмаяпти.

- Ҳозирда ҳамма терма жамоага келадиган янги мураббий ҳақида гапиряпти. Бу савол сизни ҳам қизиқтиряптими?

- Ҳа, менга ҳам қизиқ туюляпти. Қачонки, расман хабар берилса, шунда аниғини билиб оламиз-да. Унгача эса кутишдан бошқа иложимиз йўқ (кулади).

- Сиз бу борада ким бош мураббий бўлади деб ўйлайсиз?

- Билмадим. Интернет орқали янгиликларни ўқиб турибман. Бир нарса дея олмайман. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Яна озроқ кутсак ҳаммасини билиб оламиз.

- Собиқ клубингиз – “Бунёдкор”ни ҳам кузатиб бораётгандирсиз-а?

- Албатта. Чемпионатда 1-ўрин учун курашяпти. Жамоадаги футболчилар борини бериб ўйнашяпти. “Бунёдкор” рақибларини қийнаяпти десам ҳам бўлаверади. Ҳозирги кунда клуб анча кучли.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.