Элдор Шомуродовнинг собиқ клубига тақиқ қўйилди
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 13 январдан бошлаб Россиянинг "Ростов" клубига янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни учта трансфер ойнаси давомида тақиқлади. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида маълум қилинди.
"Ростов" матбуот хизмати хабарига кўра, клубнинг уругвайлик "Пеньяроль" жамоаси олдида қарзи мавжуд. Ушбу қарз 2024 йилда ярим ҳимоячи Родриго Саравиянинг трансфери билан боғлиқ. Таъкидланишича, футболчи учун тўлов тўлиқ амалга оширилмаган ва бир неча траншларга бўлинган. Клуб раҳбарияти яқин вақт ичида ушбу муаммони ҳал қилиш учун барча чораларни кўришини билдирган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Саравиянинг трансфер қиймати 1,95 миллион еврoни ташкил этган. Ҳозирда у Аргентинанинг "Бельграно" клубида тўп тепмоқда.
Шунингдек, 2025 йил декабрь ойида Россия Федерал солиқ хизмати "Ростов"нинг 11 та ҳисоб рақамидаги молиявий операцияларни вақтинча тўхтатган. Чемпионат портали хабарига кўра, жарималар бўйича қарздорлик 2,8 миллион рублни ташкил этади.
Россия Премьер-лигасининг 18-туридан сўнг жамоа 21 очко жамғарган ва турнир жадвалида 11-ўринни эгаллаб турибди. Маълумот учун, Шомуродов 2020 йилда ушбу жамоадан "Женоа"га 9,5 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди.



Фикрлар