Елена Исинбаева Ўзбекистонга биринчи ташрифи, мураббийлик фаолияти, ёш авлодга маслаҳатлар ва ўзининг сири борасида гапирди
Мазкур тадбирда МОҚ мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ҳам иштирок этдилар. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Елена Исинбаева 2 март куни Тошкентга етиб келди. Таниқли спортчи “Нафосат-2019” аёллар спартакиадасининг тақдирлаш маросимига фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинган. Бундан ташқари Исинбаева Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг штаб-квартирасига ташриф буюрди. У ердаги шарт-шароитлар билан танишиб, спортга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани ва олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Шунингдек, 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё халқаро турнирининг қатор ғолиб ва совриндорларини ўзи тақдирлади.
Ўзбекистонга биринчи ташриф
Ўзбекистон ўзининг меҳмондўстлиги ва очиқ кўнгиллилиги билан менинг қалбимни қозонди. Биз Тошкентда кам муддат бўляпмиз. Яқин орада яна ташриф буюриб, маданий ва тарихий ёдгорликларга бой бўлган Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлишни истардим. Сизларни катта келажак кутмоқда ва 2030 йилги Осиё ўйинларида мезбонликни қўлга киритишингизни чин дилдан истаб қоламан.
Елена Исинбаева ва мураббийлик фаолияти
Мураббийликка хоҳиш бор, аммо бу катта машаққат талаб қилади. Бундай ишлашга ҳали тайёр эмасман. Мураббийлик фаолияти муваффақиятли чиқиши учун кўп нарсани қурбон қилиш керак. Шундоқ ҳам спортга боғланганман, шуларнинг ўзи етади ҳозирча. Лекин маҳоратимни шундай қолиб кетишини истамайман. Вақти келиб, келажак авлодга ўз билимларимни ўргатаман.
Қаттиққўллик керакми ёхуд ёш авлодга маслаҳатлар
Спортда бўшашишмаслик керак. Бугун Олимпиадани ютсанг, эртага юлдуз эмассан, чунки сенинг муваффақиятинг кечаги кунда қолди. Бўшашманг, дангасалик қилманг, меҳнат қилинг, шунда сизга омад кулиб боқади. Шахсан ўзим спортдаги ютуқларим учун кўп нарсаларни қурбон қилганман. Буни спорт деб қўйишибди. Натижага эришмоқчи бўлсангиз, баъзи нарсалардан воз кечиш керак.
28 жаҳон рекорди орасидан энг эсда қоларлиси
Бу рекордларнинг барчаси белгиланган талаблар асосида эришилган. Энг эсда қоларлиси биринчи рекордим. Британиядаги Гран-прида 4.82 метр натижа қайд этганман. Нега буни кўпроқ эслайман, чунки ўшанда мусобақанинг энг охирги чиқиши бўлган. Телевизион камераларнинг кўпи ўчирилган, мухлислар эса секин-аста ўз жойларини тарк этаётганди. Мен ҳеч ким ишонмаётган шундай пайт жаҳон рекордини янгилаганман.
Сир очилмади
Сакрашга ўзимни қандай тайёрлашим борасидаги сирни айтолмайман. Келажакда ўз фарзандларимга бу сирларни ўргатишни ният қилганман.
Елена Исинбаева матбуот-анжуманидан ташқари «Ўзбекистон24», «Спорт», «MY5» ва «Sevimli» телеканалларига эксклюзив интервью берди.
Шундан сўнг Миллий олимпия қўмитасининг музейида Олимпия ўйинларида шоҳсупага кўтарилган спортчиларимиз билан танишиб, фахрий меҳмонлар китобига ўз дил-изҳорларини битиб қўйди.
Меҳмонимиз бугун Тошкентни тарк этади. Миллий Олимпия қўмитаси бундан кейин ҳам спорт тарғиботи йўлида Елена Исинбаева каби кўплаб афсонавий спортчилар билан учрашувлар, маҳорат дарслари ва матбуот-анжуманларини ташкил қилишни режалаштирган.
Фикрлар