Элит Осиё Чемпионлар лигасининг 7-тур баҳслари якунланди. 

"Насаф" - "Ал Шорта"

Ушбу турда Қаршининг "Насаф" клуби Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида Ироқнинг "Ал-Шорта" клубига қарши майдонга чиқди. Ўйиннинг 8-дақиқасидаёқ мезбонлар ярим ҳимоячиси Мурод Раҳматов Шароф Муҳиддиновнинг узатмасидан сўнг рақиб дарвозасини ишғол этиб, "аждарлар"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим Қарши клубининг тўлиқ устунлигида ўтган бўлса-да, вазиятлардан фойдаланишда бироз омад этишмади. 68-дақиқага келиб рақиблар ҳисобни тенглаштирди.Шареф Абдулкадимнинг узоқ масофадан йўллаган зарбасини Абдувоҳид Неъматов бартараф эта олмади 1:1. Ўйин якунига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади ва "Насаф" Элит Лигадаги илк очкосини қўлга киритди.

"Ал-Ваҳда" - "Ал-Ахли"

Элит Осиё Чемпионлар лигасининг амалдаги чемпиони Саудия Арабистонининг "Ал-Ахли" клуби бу турда Бирлашган Араб Амирликларида "Ал-Ваҳда" клуби меҳмони бўлди. Гарчи ўйин шиддатли тарзда ўтган бўлса-да, дарвоза томон кўплаб зарбалар берилган бўлса-да, ҳеч бир футболчи дарвозани ишғол этишнинг уддасидан чиқа олмади. Ушбу дурангдан сўнг саудияликлар 14 очко билан 2-ўринга кўтарилган бўлсалар, БАА клуби ўзи эгаллаб турган 4-поғонани сақлаб қолди. 

"Ал-Дуҳаил" - "Шаржа"

Қатарнинг "Ал-Дуҳаил" жамоаси бу турда Бирлашган Араб Амирликларининг  "Шаржа" клубини ўз майдонида қабул қилди. Ўйинни тўлиқ назорат қилганига қарамай, мезбонлар рақибни мағлуб этиш вазифасини уддалай олмади. Учрашувнинг 41-дақиқасида Игор Коронадо пенальтидан унумли фойдаланиб ҳисобни очди ва меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда эса қатарликлар ҳам пенальти тепиш имкониятига эга бўлди. 11 метрлик жарима тўпи олдига яқинлашган Адиль Буэльбина зарбада адашмади ва мувозанатни тиклади. Мазкур ҳисоб ўйин сўнгига қадар бошқа ўзгармади 1:1. Қатар Юлдузлар лигасида омадсиз иштирокни давом эттираётган "Ал-Дуҳаил"нинг ишлари Элит Осиё Чемпионлар лигасида ҳам яхши кўринишда давом этяпти дея олмаймиз. Сабаби жамоа ортда қолган 7 турдан сўнг 2 ғалаба, 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган ҳолда, жадвалнинг 8-поғонасини банд этиб турибди."Шаржа"да ҳам айнан шунча очко мавжуд ва улар мусобақа жадвалининг 10-ўринидан жой олган.

"Шабаб Ал-Аҳли" - "Ал-Ҳилол"

Турнир жадвалида якка ҳокимлик қилаётган Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол" клуби Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида "Шабаб Ал-Аҳли" жамоасига қарши баҳс олиб борди. Гарчи Риёд клуби тўп назоратида катта устунлик намойиш этган бўлса ҳам, дарвоза томон берилган зарбаларда тенглик гувоҳи бўлдик. Жамоалар ўйин мобайнида яққол голга тортадиган вазиятлар яратмадилар ва ўйин нурсиз 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунига етди. "Ал-Ҳилол" айнан 7-турга келиб ОЧЛда илк бор очко йўқотди. Шу билан бир қаторда саудияликлар 19 очкога эга ва аллақачон биринчи ўрин билан кейинги босқич масаласини ҳал қилиб улгурган. Дубайликлар эса 11 очко билан 6-ўринни эгаллаб турибди.

"Трактор" - "Ал-Садд"

10 февраль санасида ҳам иккита қизиқарли ўйин бўлиб ўтди. Уларнинг бирида Одил Хамробеков тўп тепадиган Эроннинг "Трактор" жамоаси ўз майдонида Қатарнинг "Ал-Садд" жамоасига қарши баҳс олиб борди. Беллашув кутилмаганда қатарликларнинг катта устунлиги остида ўтди. Дарвоза томон берилган 23та зарба бунинг исботи. 61-дақиқага келиб учрашувда ҳисоб очилди, Акром Афифнинг узатмасидан сўнг меҳмонлар ҳужумчиси Рафа Мухика гол уриб ҳисобни очди. Голдан сўнг форслар мувозанатни тиклаш учун ҳужумлар қила бошлади. Бироқ барча уринишлар бесамар якунланаверди. Учрашувнинг сўнгги дақиқасига келиб бразилиялик Роберто Фирмино гол уриб Қатар клубига муҳим ғалабани тақдим этувчи голга, муаллифлик қилди. Якуний ҳисоб 0:2 ва Қатар клуби ғалаба қозониб, ўз ҳолатини анчагина яхшилаб олди. Ғалабадан сўнг "Ал-Садд" очколар сонини 8та етказиб олган ҳолда, 8-ўринга кўтарилган бўлса, "Трактор" 3-ўринга пастлади.

"Ал-Иттиҳод" - "Ал-Гарафа"

 Турни якунлаб берувчи баҳс Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" ва Қатарнинг "Ал-Гарафа" жамоалари ўйини бўлди. Беллашувда қатарликлар дарвозасига ҳақиқий голлар ёмғири ёғиб берди. 3-дақиқада марокашлик Юссеф эн-Несери ўйинда ҳисобни очиб берди. Саудияликларнинг жазоирлик ярим ҳимоячиси Ҳоссем Оуар 20,58 ва 79-дақиқаларда голлар уриб хет-трикни расмийлаштирди. Рожер Фернандеш ҳам учрашувда ўз номига иккита гол ёздириб қўйган бўлса, Португалия терма жамоаси ҳимоячиси Данилу Перейра ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Шу тариқа, беллашувда мезбонлар йирик 7:0 ҳисобида рақибни тор-мор этиб, 5-ўринга кўтарилиб олди. "Ал-Гарафа" эса 10-ўринга тушиб кетди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!