Эмери: «Қандай ўйин! Бу футболнинг энг юқори даражаси»
«Астон Вилла» «Манчестер Сити»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди, Унаи Эмери бу ўйинни жамоа учун жиддий синов деб баҳолади.
«Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери Англия чемпионатининг 8-турида «Манчестер Сити» устидан қозонилган ғалаба ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Шанба куни бирмингемликлар «шаҳарликлар»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
«Қандай ўйин! Бу футболнинг энг юқори даражаси. Бугун биз учун яхши синов бўлди. Бизга ҳимояда ишончли ўйин, дарвозабоннинг ёрдами керак эди. Ҳимояланиш учун кўп нарсадан воз кечишимизга тўғри келди. Биз тобора яхшиланиб боряпмиз.
Бугун фантастик ўйин бўлди. Биз айнан шундай даражага чиқишни ва уни сақлаб қолишни истаймиз. Жуда хурсандман, аммо олдинда ҳали кўп иш турибди. Бугунгидек кунлар жамоамиз қандай бўлиши кераклигини кўрсатувчи намунага айланишини хоҳлаймиз», — деди Эмери.
«Астон Вилла» Англия чемпионатининг саккизта туридан кейин 11 очко жамғарган ва турнир жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди.

Изоҳлар (0)