Энди Руиснинг ғалабаси сири нимада? (Мутахассислар фикри)
Бу борада хориж матбуотида турли хил мулоҳазалар янграмоқда. Биз ҳам бу борада юртимиз ва қўшни давлатларнинг баъзи бир бокс оламидаги мутахассисларига Энди Руис ғалабасининг сири нимада? дея савол билан мурожаат қилдик. Аксарият мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари деярли бир хил бўлди. Қуйида ушбу жавобларни эътиборингизга хавола этамиз.
Набижон Исмонов – Ўзбекистон профессионал бокс Федерацияси мутасаддиси, мураббий
- Профессионал бокс шуниси билан қизиқ. Олдиндан ким ғолиб бўлишини айтиш жуда қийин. Чунки, бутун раундлар давомида устунлик қилиб, битта хато, битта аниқ зарбани ўтказиб юбориши оқибатида мағлубиятга учраши мумкин. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, рингда ким жангга тўла тайёр бўлса, ким кучли бўлса ўша ғалаба қозонади. Мазкур жангда мексикалик боксчи кучли эканлигини исботлади. Жошуа эса Руисни нокаутга учратганидан сўнг, ғалаба қозонишига ишончи ортиб, хатога йўл қўйди ва оқибатда аянчли мағлубиятни қабул қилиб олди.
Зуфар Сулаймонов – Ўзбекистон профессионал бокс терма жамоаси бош мураббийи
- Аввало, Жошуа рақибни менсимасдан ҳаракатланди. У жангдан аввал ютиб бўлдим деб ўйлаганди. Бу ўша матбуот анжуманларидаги, вазн ўлчаш маросимидаги ҳолатларда ҳам ўз аксини топганди. Қолаверса, унинг хатоси яқин масофада жанг олиб боргани бўлди.
Равшан Хожаев - мураббий
- Жангга тўғри тайёргарлик кўра олмаган. Рақибга ҳам етарлича бахо бермаганлиги кўриниб қолди. Жуда ҳам ўзига ишониб юборди. Ҳар доимгидек нокаутга учратаман деб ўйлади. Билмадики, бу боксда ҳамма нарса абадий эмаслигини.
Гариб Оружов – собиқ боксчи, мураббий (Озарбайжон)
- Қанақа сир бўлиши мумкин? Бу бокс. Кеча Руис кучли эди. Жошуа рақибининг кучига етарли баҳо бера олмади. Бу унинг энг катта хатоси эди. Мексикаликка эса гап йўқ. Жошуанинг кучсиз жиҳатини ҳис қилди ва ундан унумли фойдалана олди.
Ян Кулков – собиқ жаҳон чемпиони, мураббий (Россия)
Энтони Жошуа кучига ортиқча баҳо бериб юборди. Ўз ўрнида рақибининг салоҳиятига паст назар билан боқди. Бу хато эди. Руиснинг ғалабасининг асосий сирларидан яна бири меҳнат ва ўз кучига ишонишида бўлди.
Жамолиддин Қодиров – собиқ спортчи, мутахассис
- Жошуа рақибига етарли баҳо бера олмади. Реванш албатта бўлади ва унда Жошуа ғалаба қозонади. Бу менинг шахсий фикрим албатта.
Қувонч Тойғанбоев – собиқ боксчи,мураббий
- Жошуанинг юлдузлик касалига чалинганлиги унинг энг катта хатоси. Рингдаги ҳар бир рақибга хурмат билан қараш керак. Чемпионликнинг, ғалабанинг сири шунда. Жошуа ўрта масофада жанг олиб боргани маъқул эди. Нокдаундан кейин тезроқ ғалаба қозониш истагида олдинга отилди. Яқин масофа эса, Руисга қўл келди.
Бобур Нажмиддинов - Cocky Bufflo промоушени мураббийи
- Шунчаки, Энди Руиснинг активлиги, кўплаб зарбалар йўллаганлиги қолаверса Жошуанинг ўзининг кучига юқори баҳо берганлигида бўлди.
Зиёйитдин Тойғонбоев – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий
- Жанг аввалида кучли зарба ўтказиб юборди.Айнан шу зарба жанг тақдирини хал қилди деб ўйлайман. Чунки, Жошуа кейин ўзига кела олмади.
Элмурад Аманбоев – пенчак силат бўйича мураббий
- Биринчи раунддаги кучли зарба Руиснинг ғалабасига замин бўлди деб ўйлайман. Қолаверса, қолган раундларда Жошуанинг олдинга отилиб зарба беришидан мексикалик боксчи унумли фойдалана олди. Ғалаба шу омиллар ҳисобига келди деб ўйлайман.
Хусниддин Пўлатов – боксчи WBA Asia камари соҳиби
- Жанг аввалида баъзи бир дўстларимга бугун Жошуа ютқазади деб айтгандим. Чунки, Руисни жангларини интернет орқали топиб кузатдим. Унда ўзига хос кучли зарба бор экан. Поветкиннинг ҳам зарбаси Руисдаги каби кучли бўлганда, россиялик боксчи ҳам ғалаба қозонган бўларди. Чунки, ўша жангнинг 1-3 раундига қадар Поветкин ажойиб зарбалар йўллай олганди. Шунчаки кучи етарли бўлмаганди деб ўйлайман. Қолаверса, мексикалик боксчининг ақлли юришлари бор экан.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади
Фикрлар