Энг машҳур мураббий Файзуллаевни танлади
Аббосбек Файзуллаев учун 2023 йилги мавсум жуда муваффақиятли ўтди. Истеъдодли футболчимиз ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида бош совринни қўлга киритди, ўзи мухлислик қиладиган Лионель Мессининг юрти – Аргентинада ўтказилган жаҳон чемпионатида маҳорат кўрсатди.
Шу билан бирга 20 ёшли футболчимиз Москванинг ЦСКА клубига кўчиб ўтиб, илк бор легионер мақомини олди. Файзуллаевнинг Россия Премьер-лигасидаги дебюти жуда омадли чиқди ва ҳамюртимиз “армиячилар”нинг ҳужумларини ташкил этишда жонбозлик кўрсатмоқда.
Аббосбек ўйини Россия футболида ном қозонган мураббий ва мутахассисларнинг эътирофига ҳам сазовор бўляпти. Хусусан, Москванинг “Локомотив” жамоаси бош мураббийи сифатида уч каррадан мамлакат чемпиони ва Суперкубок соҳиби, олти маротаба Россия кубоги ғолиби, Киевнинг “Динамо” жамоаси бош мураббийи сифатида Украина чемпионати ва Суперкубоги ғолиби бўлган Юрий Сёмин ҳам ўзбек легионерига юқори баҳо берди.
- Менга бу мавсум ЦСКА футболчиси Аббосбек Файзуллаев жуда ёқди. Бу йигит ажойиб ўйнаяпти. Шунингдек, чемпионатнинг биринчи қисмида Константин Тюкавиннинг ҳаракатлари ҳам маъқул келди.
Россия Премьер-лигасининг асосий кашфиёти сифатида кимни танлайман? Албатта, Аббосбек Файзуллаевнида, - деди Юрий Сёмин.
ЦСКА мураббийлар штаби вакили Мурат Искаков эса, россиялик ёш футболчиларга ўзбек легионери Аббосбек Файзуллаевни ўрнак қилиб кўрсатди. Бу мутахассис ҳамюртимизнинг камтаринлигига алоҳида эътибор қаратди.
- Кўпчилик россиялик ёш футболчиларнинг такаббурлиги ҳақида гапиради. Менгу ба ҳолат кўринадими? Ҳа, кўринади. Ёш ўйинчиларимиз асосий таркибга кириши билан бошқа одамга айланиб қолади. Табиийки, бу гап ҳаммага ҳам тегишли эмас.
Лекин шунақалари бор. Дарров юлдузлик касалига учрайди ва атрофдагилар билан муносабати ўзгариб қолади. Уларга танбеҳ берсанг, устингдан кулади, эътироз қилади.
Аббосбек Файзуллаев ана шундай ўйинчилар орасида меҳнаткашлиги ва камтаринлиги билан яққол ажралиб туради. Машғулотларда тер тўкиб, асосий таркибда ўйнашга лойиқ эканини исботлайди.
Файзуллаев жуда истеъдодли футболчи, кўз тегмасин, - деди Мурат Искаков.
20 ёшли футболчимиз “Пахтакор”дан ЦСКАга август ойида 500 минг евро эвазига кўчиб ўтган эди. Аббос Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги доирасида жами 18 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини икки маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига тўққизта голли пас узатди.
Легионеримиз мана шундай муваффақиятли ўйинлари туфайли кўпчилик эътиборига тушди. Transfermarkt портали экспертлари сўнгги тўрт ой ичида Аббоснинг нархини икки маротаба кўтарди. Бугунги кунда Файзуллаевнинг трансфер суммаси 4 миллион еврога баҳоланмоқда.
Аббосбек Файзуллаев оғир юкни елкасига оляпти!
Файзуллаевнинг ҳақиқий маҳоратини баҳорда кўрасизлар!
Олти карра Россия чемпиони бўлган “пахтакорчи”: Файзуллаев менга ўхшамайди!
Россия клуби ўзбек футболчисига қизиқиш билдирмоқда
Раньерининг Шомуродов ҳақидаги гаплари рост чиқди!
Фикрлар