Олти карра Россия чемпиони бўлган “пахтакорчи”: Файзуллаев менга ўхшамайди!
“Пахтакор”да футболчи сифатида камол топган бир неча чарм тўп усталари Россия чемпионатларида ғолиб чиққан. Бундан футболчилар қаторига Андрей Пятницкий, Валерий Кечинов, Миржалол Қосимовни қўшиш мумкин.
Валерий Кечинов “Пахтакор”да Ўзбекистон чемпиони, биринчи миллий чемпионатимизнинг илк энг зўр тўпурари бўлган футболчи.
Валерий Кечинов янги авлод вакили – Аббос Файзуллаевнинг Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси томонидан 2023 йилнинг энг яхши ёш футболчиси номинацияда ғолибликка даъвогарлар рўйхатига киритилганига муносабат билдирди.
- Бу эътироф Файзуллаев учун аванс эканини ҳамма яхши англаб турибди. Аббос ЦСКАдаги иштирокини зўр ва жуда ёрқин бошлади.
Афсуски, унинг миллий терма жамоадаги ўйинларини мунтазам кузата олмайман. Агар бизнинг клубларимиз ҳозир халқаро майдондаги мусобақаларда иштирок этганида Файзуллаевнинг имкониятларини янада юқори баҳоланар эди.
Энг муҳими, чемпионатимиздаги футболчиларни халқаро миқёсда эътироф этишаётганининг ўзи ажойиб иш.
Аббосбек маҳоратга эга салоҳияти катта йигит. Агар ўсишдан тўхтаб қолмаса, яқин келажакда жиддий футболчига айланади.
Мен билан Файзуллаев ўртасида ўхшашлик борми? Ўхшаш жиҳатларни кўрмаяпман. Биз бошқа-бошқа типдаги футболчилармиз.
Мен футболчилик фаолияти давомида кўпроқ тезкор дриблинг билан ўткир ҳужумда қатнашиш ва гол уришга ихтисослашганман.
Файзуллаев эса, яққол плеймейкер, у жамоадошларига кўпроқ голли паслар узатади ва майдонни жуда яхши кўра олади, - деди Валерий Качинов.
Валерий Кечинов “Пахтакор”да ўйнаган даврларида 38 та учрашувдаўз ҳисобига жами 30 та гол ёздириб қўйди. Моҳир тўпурар 1993 йили “Пахтакор”дан Москванинг “Спартак” клубига кўчиб ўтганди. 2000 йилгача “спартакчилар” шарафини ҳимоя қилган ҳужумкор футболчи олти маротаба Россия чемпиони бўлди.
Собиқ “пахтакорчи” москваликлар сафида Россия кубогида ҳам ғолиб чиққан ва миллий чемпионатда бир марта бронза медалга эга чиққан.
Валерий Кечинов мустақилликнинг илк йиллари Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида учта ўйинда майдонга тушган. Кейинчалик Россия миллий терма жамоасида фаолият юритишга қарор қилди.
Россия футболида ёрқин из қолдирган Кечинов фаолияти давомида “Сатурн” ва “Шинник” жамоаларида ҳам тўп тепиб, бутсаларини 2004 йили михга илди.
Фикрлар