Россия клуби ўзбек футболчисига қизиқиш билдирмоқда
Россия Премьер-лигасида ўйнаётган беш нафар легионеримиздан бири – “Нижний Новгород” клуби чап қанот ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев яқин келажакда жамоасини ўзгартириши мумкин.
Бир неча манбаларнинг таъкидлашича, 22 ёшли ҳимоячига Россия Премьер-лигасининг бошқа клуби “Балтика” жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Жорий мавсумда “Нижний Новгород” анча ишончли ўйнаяпти ва мусобақа жадвалининг тўққизинчи поғонасида бормоқда. Бироқ жамоани Сергей Юран қабул қилиб олганидан кейин Иброҳимхалил Йўлдошевнинг ўйини амалиёти сезиларли даражада камайиб кетди.
Ўтган мавсумда Йўлдошев жамоа таркибида энг кўп ўйнаган тўрт футболчидан бири бўлган эди. Легионеримиз Премьер-лигасида 27 та учрашувда майдонга тушиб, иккита гол ва битта ассист муаллифлик қилди.
Бу галги чемпионатда мураббийлар штаби Иброҳимхалилни атиги тўрт маротаба майдонга туширди. Ҳамюртимиз битта гол пас узатди.
“Балтика” ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган истеъдодли ҳимоячини ўз сафига қўшиб олиш учун унинг атрофидаги вазиятни синчковлик билан ўрганяпти.
Балтикаликлар айни пайтда мусобақа жадвалида хавфли ҳудудда турибди. Юқори дивизиондаги ўрнини сақлаб қолиш учун қишки танаффус пайтида таркибини кучайтиришга эътибор қаратишга қарор қилган.
Шу боис, улар чап қанотга Иброҳимхалил Йўлдошевни таклиф этишни режалаштиряпти.
Иброҳимхалил “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Юртимизда “шерлар”дан ташқари “Бунёдкор”да ҳам тўп тепган.
Иқтидорли футболчи 2021 йилнинг ёзида “Нижний Новгород”га кўчиб ўтганди. Унинг бу жамоа билан шартномаси 2025 йилнинг 30 июнигача тузилган.
Transfermarkt портали 13 декабрь куни Россия Премьер-лигаси футболчиларининг трансфер суммаларини янгилади. Унга кўра, кам ўйнаётган ҳамюртимизнинг нархи юз минг еврога арзонлаб, айни пайтда 800 минг еврони ташкил қилмоқда.
Иброҳимхалил Йўлдошев 2020 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. У мамлакатимиз бош жамоасида жами 16 маротаба майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари рақиб дарвозасига битта гол ҳам урган.
Таъкидлаш жоизки, ўтган ёз ўзбек футболчисига Москванинг “Спартак” жамоаси ҳам қизиқиш билдирганди. Бироқ иш расмий таклифгача етиб бормаган.
Шу ўринда, “Нижний Новгород” клубидаги иккинчи вакилимиз – ёш ҳужумчи Русланбек Жиянов ҳам ўйин амалиётисиз қолиб кетаётганини айтиб ўтиш лозим. 22 яшар форвард ҳали Премьер-лигада дебют қилгани йўқ. Россия кубогида бир марта майдонга тушиб, атиги 11 дақиқа ҳаракат қилди холос.
Раньерининг Шомуродов ҳақидаги гаплари рост чиқди!
Файзуллаевнинг ҳақиқий маҳоратини баҳорда кўрасизлар!
Олти карра Россия чемпиони бўлган “пахтакорчи”: Файзуллаев менга ўхшамайди!
Эксперт: Файзуллаев жаҳоннинг энг зўр ёш ўйинчиси совринига муносиб!
Файзуллаев қишда ЦСКАдан Европага кетиши кутиляпти
Тезкор: Файзуллаев Жуд Беллингем билан бирга жаҳоннинг энг зўр ёш ўйинчиси совринига даъвогар!
Фикрлар