Энг қиммат футболчилар рейтинги, у қандай тузилади?
Ads

CIES душанба куни сайёрамизнинг энг қиммат футболчилари рейтингини эълон қилди. Энг қизиғи ушбу рейтингни Неймар, Мбаппе ёки Месси эмас, балки барчани ҳайратда қолдирган ҳолда Ҳарри Кейн энг қиммат футболчи деб топилди. Кўпчиликда ушбу рейтинг қандай тузилганлиги, қайси факторлар асосида футболчиларнинг баҳоси ишлаб чиқилгани ўйлантира бошлади.

“Тоттенхем” ҳужумчиси 201.5 миллион еврога баҳоланган ва рейтинг карвонбошисига айланган. Спортни тадқиқ қилиш халқаро маркази (CIES) футбол расадхонаси деб ҳам аталади. Рейтинг кўплаб тадқиқотлар, яъни футболчиларнинг бир неча йиллардан бери кўрсатаётган ўйини, ҳал қилувчи вазиятлардаги иштирокидан тортиб кичик жароҳатларгача ҳисобланиб тузилган. Бу ҳақида Рафаель Поли ўзи раҳбарлик қилаётган институт қўллайдиган методларини France Football нашрига гапириб берди. “Биринчи услуб бу сўнгги трансферлар ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва уларни баъзи гуруҳларга бирлаштиришдан бошланади. Футболчини сотиб олишга эҳтимолий асосий даъвогар клуб нархга жиддий таъсир қилади. Гризманн каби футболчилар бир қанча жамоаларни ўзига тортади ва уларнинг трансфер қиймати ортиб боради. Кейин албатта футболчининг ёши, клуб билан шартномаси муддати ва шахсий ютуқлари муҳим рол ўйнайди. Буларнинг барчаси ҳисобга олинади, ҳатто терма жамодаги фаолияти ҳам. Масалан, Франция термаси вакилининг тўплайдиган балли албатта Шотландия термаси вакилиникидан баланд бўлади. Бу ҳолат клубларга ҳам тегишли. “Ливерпуль” “Вест Бромвич”дан кўпроқ баҳоланади. Бундан ташқари сотиб олинган нарх ҳам муҳим. 100 миллион еврога сотиб олинган футболчини ҳеч қандай жамоа арзонга сотиб юбормайди ва бу футболчининг трансфер қиймати яна ошишига олиб келади.”

Бошқа бир муҳим фактор бу – футболчининг амплуаси. 2016-йил ёзида “Ювентус”дан 105 миллион евро эвазига “Манчестер Юнайтед” вакилига айлганган Поль Погба тарихдаги энг қиммат футболчилар рўйхатини чилпарчин қилганди. Унгача Топ-10 трансферлардан фақатгина ҳужумчилар жой олган эди. Неймар, Мбаппе, Бейллардан тортиб, Игуаин ёки Роналдуларгача бўлганлар клубларнинг эътиборини ўзига жалб қилади. “Ҳужумчиларга қўшимча бонус бор чунки буни улар урилган голлар эвазига олади” – дея тасдиқлайди Поли. Шу сабабли, 24 ёшли Ҳарри Кейн “тақачилар” билан 2022-йилгача амал қиладиган шартномага эга ва шу вақтгача 167 гол уришга эришган. Шундан 108 голни 153 учрашувда киритган. Чемпионлар Лигасида эса 10 ўйинда 9 бора рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олган.

2018-йилги инфляция ва Жаҳон Чемпионати

Бу йил барчаси содир бўлиши мумкин бўлган йил ҳисобланади. Ўтган йилши Неймар ва Мбаппеларнинг ақлбовар қилмайдиган трансферларидан кейин дунё остин-устун бўлиб кетди. Яқинлашаётган Жаҳон Чемпионатидан кейин Англиядан тортиб Италия чемпионатларида футболчиларнинг трансферлари учун 9 хонали рақамлар тўланса ажабланарли ҳолат бўлмайди. “Бугун бирорта футболчи беш йил олдинги нархидан икки баравар қиммат туриши мумкин” – дейди Рафаель Поли. “50 миллион бўлган футболчилар бугун 100 миллион эвазига сотилмоқда. Ҳар йили 10-15 % атрофида инфляция содир бўлади. Ҳар сафарги трансфер бозори нархи олдингисидан озгинадан кўпайиб бормоқда. Ҳеч қачон буни олдинда айта олмаймиз, аммо бу ёзги трансфер бозорида янгидан-янги рекордлар кутмоқдаман. Неймарнинг нархидек бўлмасада, унга яқинлашади.”

14 июндан 15-июлгача бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионати ОАВ диққат марказида турибди. Полига кўра бу ёшлар учун ўзгача аҳамият касб этади. “Баъзи ёшлар 2 миллион туриши мумкин, аммо бир йил ўтиб нақ 100 миллионга айланади! Мбаппе билан боғлиқ ҳолат бунга яққол исбот. Агарда ёшлар гол урса ва жамоаларининг натижаларига ижобий таъсир кўрсатса, бу уларнинг трансфер қиймати ошишига олиб келади. Агарда унгача машҳур бўлганлар бўлса, бу уларнинг трансфер баҳоси ўсишига унчалик таъсир кўрсатмайди. ”