Энг зўр жанг санъати усталари қатнашган чемпионатнинг кутилган ва кутилмаган натижалари
Тошкентда илк бора ММА бўйича ҳаваскорлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ташкил этилди. Ўзига хос тарихий чемпионатда ўсмирлар ва катталар биринчи мамлакат чемпионлиги йўлида ажойиб жанглар ўтказишди.
Айниқса, катталар ўртасидаги муросасиз беллашувлар мухлис ва мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди. Ассоциация томонидан ташкилий масалалар ҳам юқори даражада бўлди. Айниқса, Россиядан тажрибали ҳакамлар таклиф этилиши ҳам таҳсинга сазовор ишлардан бири эди.
Мазкур мамлакат биринчилиги шуни кўрсатдики, юртимизда бу спорт турида ҳам истеъдодлар жуда кўп ва улар ўз устида ишлашда давом этса, албатта, яқин келажакда ММА йўналишида ҳам улкан ютуқларни қўлга кирита оламиз.
Катталар ўртасидаги баҳсларда Тошкент шаҳри вакиллари етакчилик қилишди ва турнирнинг “Энг яхши жамоаси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Қолаверса, Навоий, Бухоро, Андижон, Хоразм, Тошкент вилояти вакиллари турнирда юқори ўринларга сазовор бўлдилар.
Ўйлаймизки, навбатдаги мусобақаларда қолган вилоят вакиллари ҳам юқори натижалар қайд этади. Чунки бунга етарли шарт-шароитлар мавжуд ва ҳар бир вилоятда ММА асосини ташкил қилувчи яккакураш турлари жуда яхши ривожланган.
Шу ўринда, Тошкент шаҳри, Навои, Бухоро, Андижон ва Самарқанд вилояти спортчиларининг яхши натижалар қайд эта олганлигини сабабига бироз тўхталиб ўтамиз. Албатта, бу шахсий қарашларимиз холос.
Гарчи, самарқандликлардан икки нафари финалга чиқиб, унда мағлуб бўлган бўлса-да, уларнинг салоҳияти юқори эканлигига гувоҳ бўлдик. Чунки бу вилоятда азалдан ММА йўналишида ажойиб жангчилар камол топган. Мисол учун, айни вақтда Ўзбекистон профессионалларининг бош мураббийи Суннат Ильясов нафақат Самарқанд, балки бутун Ўзбекистон ММАсининг байроқдори ҳисобланади. Ўз вақтида панкратионда жаҳон чемпионлигини қўлга кирита олганди. Мансур Тўғизбоев ҳам ажойиб натижалар қайд этган. Ҳозирда кўзга кўринган рефери ҳамда мураббий саналади. Шунингдек, жаҳонда иккинчи ўринда турувчи” Bellator” билан шартномага эга Зарруҳ Адашев ҳам ушбу вилоятда дастлабки ММА сир-асрорларини ўрганган.
Навои вилоятида ҳам ўзига хос мактаб шаклланган. Ушбу вилоят вакили – марҳум Шавкат Ўрақовни бутун МДҲ мамлакатларида яхши танишар эди. У аралаш жанг санъатлари турнирларида муносиб иштирок этган. Бир вақтлар “Bellator”да ўз жангларини ўтказадиган ушбу промоушеннинг собиқ чемпиони россиялик Александр Шлеменко билан даҳшатли жанг ўтказган эди. Ўшанда Саша қийин ғалабага эришган бўлса-да, юртдошимизга тан бериб, уни “Довул” деб атаган эди. Қолаверса, UFC вакили украиналик Алексей Олейник билан ҳам октагонда тўқнаш келганди. Бир сўз билан айтганда, жуда яхши атлет бўлган. Айнан у бошлаган эстафетани ҳозирда ушбу вилоят вакили Амин Эргашев муносиб давом эттирмоқда.
Бухоро вилоятида ушбу спорт йўналишини ривожланиши, оммавийлиги ва ажойиб спортчилар етишиб чиқишида Музаффар Ражабовнинг ўрни беқиёсдир. У 40 ёшга яқинлашаётган бўлса-да, ҳамон юқори формасини сақлаб қолган ва яхши натижалар қайд этишда давом этмоқда. Ўзининг “Амир Темур” спорт клубида кўплаб ёшларга сабоқ бериб, уларни етук даражага чиқишида ўз меҳнатини аямай келмоқда.
UFC даги биринчи юртдошимиз Маҳмуд Муродов ҳам ушбу вилоят ўғлони ҳисобланади. Ўз-ўзидан аёнки, у ҳам дастлабки жанговор сабоқларни обидалар шаҳрида олган.
Андижон вилоятида ҳам ушбу спорт турига қизиқиш юқори. Бу ерда ММАни ривожланишида самбо мураббийи Жаҳонгир Қорабоевнинг хизмати бор. Шунингдек, ўз вақтида профессионал боксда ҳам фаолият юритган, кейинчалик аралаш жанг санъатлари бўйича турнирлардаги иштироки билан танилган мураббий Фаррух Мадаминов ва Нурилло Мирзаев ҳам ёшлар билан яхши иш олиб бормоқда. Шунингдек, Нурсултон Рўзибоевнинг ажойиб жанглари ҳам андижонлик ёшларнинг ушбу спортга бўлган қизиқишини оширмоқда. Унинг ортидан Аҳлиддин Мирзадавлатов, Авлиёхон Ҳамидов каби истеъдодлар ҳам ажойиб натижалар қайд этмоқда. Шубҳасиз, бу жангчиларимизнинг натижалари ёш спортчиларга ўзига хос мотивация бермоқда.
Тошкент шаҳрида ҳам кўплаб ўзбек ММАсида ўз ўрнига эга бўлган спортчилар етишиб чиққан. Айниқса, оғир вазн тоифасида жуда кучли жангчиларимиз пойтахтимизда тарбия топишган. Мурод Хонтўраев, Азамат Баҳодурзода, Александр Столяровлар шулар жумласидандир. Айни кунда эса жуда кўплаб ажойиб жангчилар бор. Шунингдек, бир қатор тажрибали мураббийлар фаолият юритмоқда.
Пойтахтимизда нафақат эркаклар балки аёллар борасида ҳам ушбу спортнинг ривожи таҳсинга сазовордир. Бир неча йиллар аввал панкратион ва прайд промоушенларида ажойиб жанглар ўтказиб, чемпионлик мақомига кўтарила олган Гулбаҳор Амантаеванинг йўлини бир қатор қизларимиз давом эттиришмоқда. Улар орасида GFC чемпиони Лиля Шакировани алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардик.
Бир сўз билан айтганда, Тошкент тез орада нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг ММА бўйича марказига айланади, десак муболаға бўлмайди.
Ушбу турнирда наманганлик спортчиларнинг ҳам яхши натижалар қайд этишини кутгандик. Чунки бу вилоятда ўзбек ММАсининг ёрқин намояндаларидан бири Аюбхон Камолов таъсири бор эди. Қолаверса, профессионал яккакурашларнинг бошқа турларида ажойиб натижалар қайд этаётган спортчилар ҳам жуда кўпчиликни ташкил қиларди. Лекин, финалда бу вилоят вакилларини учратмадик. Шундай бўлса-да, навбатдаги турнирларда наманганлик спортчиларнинг ҳам муваффақият қозонишига ишонамиз. Чунки Наманган ҳам бу борада ўз мактабига эга деб бемалол айта оламиз.
Хуллас, биринчи бор ўтказилган ушбу чемпионат барча жиҳатдан илиқ таасурот қолдирди. Ўйлаймизки, яқин йиллар мобайнида юртимиздан бўлажак UFC, Bellator, ONE Championship ғолиблари етишиб чиқишига ишончимиз комил.
Фикрлар