Енгил атлетика. Тошкентда МОҚ соврини учун Ўзбекистон чемпионати старт олди

 

Бугун, 26 март куни Тошкентда енгил атлетика бўйича Миллий олимпия қўмитаси соврини учун Ўзбекистон чемпионати бошланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати маълум қилди. 

Республика енгил атлетика маркази мезбонлик қилаётган мазкур мусобақа катталар, 19 ҳамда 17 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ташкил қилинмоқда. Унда атлетлар босқон улоқтириш, найза улоқтириш, диск улоқтириш, ядро улоқтириш, шунингдек, узунликка ва баландликка сакраш йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда.

Катталар ўртасидаги баҳслар Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари учун терма жамоамиз таркибини шакллантириш мақсадида ташкил этилаётган бўлса, 19 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда Осиё ва жаҳон чемпионатларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар номи маълум бўлади. 17 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги мусобақада эса Аргентинада ўтказиладиган ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинларида қатнашадиган вакилларимиз саралаб олинади.

Баҳсларда Республикамизнинг барча вилоятларидан 289 нафар спортчи ўз омадини синаб кўрмоқда.

Қўшимча сифатида шуни қайд этиб ўтишимиз лозимки, яқинда Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов ташаббуси билан полвонлар юрти ҳисобланган Сурхондарё ҳамда Қашқадарё воҳасидан 51 нафар спортчи саралаб олинди. Икки кун давом этадиган мусобақада айнан ушбу спортчиларнинг иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!