Енгил атлетикачиларимиз Осиё чемпионатида иштирок этади
Ads

21-24 апрель кунлари Қатар пойтахти Доха шаҳрида енгил атлетика бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. 23-маротаба ташкил этилаётган қитъа биринчилигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам иштирок этади.

Шунингдек, чемпионат доирасида Осиё енгил атлетика федерациялари ассоциациясининг навбатдаги Конгресси ўтказилади. Унда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Низомжон Тўхтабоев, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси президенти Андрей Абдувалиев ва федерация бош котиби Камоллиддин Рўзимухаммедов ҳам иштирок этади.

Жамоамиз 6 апрелдан Туркиянинг Анталия шаҳрида навбатдаги ўқув-йиғин машғулотида ушбу чемпионатга ва 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари тайёргарлик кўраётган эди.

Дохадаги “Халифа” стадионида ўтказиладиган чемпионатда мусобақа ташкилотчилари хабарига кўра, 44 давлатдан ташриф буюрган спортчилар 186 та медаллар жамланмаси учун баҳс олиб боради.

Осиё чемпионатида Надия Дусанова, Светлана Радзивил, Нигина Шарипова, Роксана Худоёрова, Екатерина Воронина, Александра Юркевская, Санобар Эркинова, Иван Маркелов, Алина Яблокова, Марат Ҳайдаров, Суҳроб Ходжаев, Иван Денисов, Сергей Дементьев ва Никита Логинов мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Минбар

Барча блоглар