Эрнандес, Фузайлов ва Назаров. 3 та мағлубият ва сиз бўшсиз ёхуд Суперлига мураббийларига истеъфо хавф соляпти...ми?
Мураббийларнинг тақдири ўзи шунақа. Ҳеч қачон уларнинг жойи кафолатланмаган. Натижа бўлса-ку, хўп-хўп, аммо натижа бўлмаса мураббий ўзини дарвоза ортида кўради. Футболда ёзилмаган қонун бор: ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади.
Ҳа, унутмаслик керакки, натижа учун бош мураббий жавобгар, ундан бошқаси эмас. Мураббийлар учун натижа кўрсатиши шарт бўлгани билан уларни кўп ҳам кутиб ўтиришмайди. Бунга Суперлигамизда яна бир бор амин бўлдик. Ҳаммаси 3-турдан кейин бошланди. Мураббийлар истеъфоси эстафетасини “Металлург” бошлаб берди. 2 мағлубият ва 1 ғалабадан сўнг испаниялик Луисма Эрнандес ишдан бўшади. Бир қарашда қайд этилган натижалар мутахассиснинг истеъфога чиқарилишига етарли сабаб эмасдек кўринади, албатта. Лекин бизга маълум бўлишича, Эрнандеснинг ўзи кетишни истаган ва бунга оилавий шароитини сабаб қилиб кўрсатган. Бекободликлар ўрнига Черногориядан Веско Стешевични олиб келишди. Унинг янги жамоасидаги дебютини 5-турда кўрамиз. У “Металлург”нинг “Пахтакор”га қарши ўйинини трибунадан кузатиб борди ва унда Бекобод жамоаси мағлубиятга учради.
“Металлург”даги мураббий ўзгаришидан кўп ўтмай бирданига иккита истеъфо кузатилди. Қизиғи, иккиси ҳам 2 апрель куни рўй берди. “Сўғдиёна” Ёрқин Назаров, “Бухоро”да эса Ҳаким Фузайлов ишдан кетди. Айниқса, Наманганда 3:0 ҳисобидаги йирик мағлубиятдан кейин Назаров “Сўғдиёна” бош мураббийлигидан кетиши кутилганди. Нега деганда, ушбу баҳсдан олдин унинг учун “Навбаҳор”га қарши беллашув охирги имконият эканлиги хусусида эшитгандик. Мағлубият чиндан Ёрқин Назаровнинг “Сўғдиёна”даги фаолиятига якун ясади. Унинг Жиззахдаги мураббийлик иши муваффақиятсиз чиқди. Билсангиз, 2022 йилги чемпионат якун топишига икки тур қолганида бош мураббийликка киришганди ва иккаласида ҳам ютқазганди. Янги мавсумда эса “Сўғдиёна” унинг бошчилигида 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этди. Натижада 1 очко билан турнир жадвалида охирги ўринда. Унинг ўрнига номзодлар бор. Шу кунларда эълон қилинади.
“Бухоро” Фузайловнинг ўрнига ваниҳоят Улуғбек Бақоевни қайтарди. Асли бухоролик мутахассис “Сўғдиёна”даги фаолияти орқали жуда яхши таассурот қолдирди. Қизиғи, Бақоев Жиззахдан кетгач, ўрнига Назаров келганди. Бу сафар бўлса Назаров ишдан бўшади, Бақоев яна ишга қайтди ва бу ўзгаришлар бир кунда содир бўлди. Аслида “Бухоро” Фузайлов бошчилигида мавсумни ғалаба билан бошлаганди. Сафарда бир футболчи кам бўлган ҳолатда “Турон”ни енгиб қайтганди. Бироқ шундан сўнг негадир бухороликларнинг боши мағлубиятдан чиқмай қолди ва кетма-кет 3 та учрашувда ютқазди. 4-турда Тошкентда “Сурхон”га 2:0 ҳисобида имконият бой берилгач, ортиқ Ҳаким Қаюмовичга ишонмаслигини кўрсатди. Натижада Бақоевни қайтарди. Бир неча йил аввал Улуғбек Истамович “Бухоро”ни бошқарган ва энди яна бир бор ўзини кўрсатишга уриниб кўради.
Эътибор бераётган бўлсангиз, раҳбарлар тезроқ натижа кўрсатилишини хоҳлашяпти. Шу боис Фузайлов ҳам, Назаров ҳам учта мағлубиятдан сўнг бўшатилдилар. Қизиқ, бош мураббийларга имконият тақдим этилиш вақти камайиб кетдими? Яъни, 3 та мағлубиятдан кейин ҳар бир мураббийга энди истеъфо хавф соладими?
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар