Эрон бош мураббийи: "Ҳозир Ўзбекистонда яхши авлод "нафақа"га чиқди"
"CAFA Nation's Cup" турнири ҳал қилувчи финал ўйинида Ўзбекистон терма жамоаси Эронга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Мазкур учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Эрон термаси бош мураббийи Амир Ғалинои иштирок этди.
"Авваламбор, ассалому алайкум! Бу мусобақа якунига етгани билан ташкилотчиларни табриклаб қоламан. Стадионга келиб, бизни қўллаб-қувватлаб турган эронлик мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ўйин боши биз учун даҳшатли даражада бошланди. Дарвозабонимиз жиддий жароҳат олди. Иккинчи бўлимда ўйинни кучайтиришга ҳаракат қилдик.
Мусобақада Ўзбекистон билан имкониятимиз тенг эди. Улар ҳам ғолибликка муносиб эди. Аммо якунда омад бизга кулиб боқди. Ўзбек футболида катта ўзгаришлар бўляпти. Мен буни кеча ҳам таъкидлаб ўтгандим. Ижобий ўзгаришлар мамлакат терма жамоасига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Биз имкониятдан фойдаланиб, ғалаба қозондик. Бундан хурсандмиз. Жароҳат олган ўйинчимизни захирага олмоқчи бўлганимизда, у охиригача ўйнамоқчи эканини айтди. Бу ҳолат бизни қойил қолдирди.
Ўзбек халқи бизни жуда илиқ кутиб олишди. Бу учун ҳам уларга миннатдорчилик билдириб қоламан. 2006 йилдан бери мамлакатингиз футболини кузатиб бораман. Ўзбекистонга 10 марта ташриф буюрганман.
Бу ерда ҳар томонлама ривожланиш бўлмоқда. Нафақат спорт, балки бошқа соҳалар ҳам тўғри йўлда ўсиб бормоқда. 2006 йил билан солиштирадиган бўлсам, ўша вақт мамлакатда "Бунёдкор" каби стадион мавжуд эмас эди.
Рақибнинг ўйини ҳам ўсганини алоҳида таъкидлаб ўтаман. Нафақат миллий жамоа, балки ўсмирлар, ёшлар футболи ҳам ажойиб тарзда ривожланмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда яхши авлод "нафақа"га чиқмоқда. Янгиланаётган авлодни ҳам ёмон, деб бўлмайди. Улар келажакда терма учун кўп наф келтиришига ишонаман.
Кеча жойлашган меҳмонхонамиз атрофини айланиб чиқдик. У ерда қизиқ воқеа содир бўлди. Ўзбек икки киши менга бир расм кўрсатди. Улар менга ўзимнинг расмимни кўрсатиб, мен эканимни сўрашди.
Улар мен билан расмга тушишди ва бу мен учун алоҳида эҳтиром эканини айтиб ўтмоқчиман!", - деди мутахассис.
Фикрлар