Эрон "ЖЧ-2026"да қатнашишдан бош тортса, унга жиддий жазолар қўлланиши мумкин
Эрон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бир томонлама бош тортса, жамоага Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан жиддий санкциялар қўлланиши мумкин. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Эроннинг миллий жамоалари ФИФА шафелигида ўтадиган барча мусобақалардан четлатилиши мумкин. Шунингдек, камида 275 минг евро миқдорида жарима солиниши мумкин бўлиб, бу сумма жамоанинг мусобақадан қачон воз кечишига қараб 555 минг еврогача етиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундан ташқари, ФИФА интизом қўмитаси Эрон жамоасига нисбатан спорт санкцияларини ҳам қўллаши мумкин. Улар қаторида кейинги мусобақаларда очколарнинг олиб ташланиши ҳам бор.
Аввалроқ Эрон терма жамоаси АҚШнинг Яқин Шарқ давлатига нисбатан олиб бораётган сиёсат сабаб жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу масала юзасидан АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам фикр билдирган.
Маълумот учун, улар "ЖЧ-2026" мусобақасига йўлланма олган ва "G" гуруҳидан жой олган. Ушбу гуруҳда жамоа Бельгия, Миср ва Янги Зеландияга қарши майдонга тушиши керак. Учрашувларнинг барчаси АҚШ ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган.
Фикрлар