"Евро-2020"дан ким қанча даромад кўради?
“Евро-2020” тарихдаги энг катта мукофот пули қўйилган Европа чемпионатига айланади. Аниқроғи, ғолиб терма жамоа 34 млн евро билан тақдирланади. Албатта мусобақа ташкилотчилари ва УЕФА учун ҳам ушбу мусобақа жуда катта даромад келтиради. Улар мос равишда 2 ва 1 миллиард евро миқдорида пул ишлаб олади.
“Евро-2020” нафақат ёзнинг асосий спорт шоуси, балки улкан молиявий лойиҳадир. Ташкилотчилар ҳомийлардан маблағ олади, терма жамоалар иштирок этгани ва кўрсатган натижалари эвазига мукофот олади ва шаҳарларнинг инфратузилмасини ривожлантиришга сармоялар киритилади. Коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, молиявий оқимларнинг миқдори жуда катта. “Евро-2020”да бир нечта молиявий кўрсаткичлар бўйича тарихий рекордлар қайд этилади.
Турнир иштирокчилари қанча миқдорда мукофот олади?
Биринчи рекорд – иштирокчи жамоаларга бериладиган пуллар. Ўтган “Евро-2016”да тарихда биринчи марта қитъа чемпионатида 24 та мамлакат иштирок этган ва унинг соврин жамғармасида кескин ўсиш кузатилган эди. УЕФА ўшанда 20 та қўшимча ўйин ўтказди ва шу билан бирга телевидение ҳуқуқлари ва Европа чемпионати билан боғлиқ маҳсулотлардан кўпроқ даромад олди. Бу “Евро-2016” иштирокчиларига 301 миллион евро миқдоридаги мукофот пулини тўлашга имкон берди (ҳар бир жамоага 12,5 миллион евродан). Бу кўрсатгич “Евро-2012”да 196 миллион еврони (ҳар бир жамоага 12,25 миллиондан) ташкил қилган.
“Евро-2020” мукофот жамғармасига 23 фоиз кўпроқ - 371 миллион евро ажратилган (ҳар бир иштирокчи терма жамоага 15,4 миллиондан). Аммо турнирнинг кейинга қолдирилиши ва пандемия давридаги молиявий йўқотишлар туфайли УЕФА тўловларни қисқартиришга қарор қилди. Энди иштирокчилар жами 331 миллион евро пул олади (ҳар бир жамоага 13,8 миллиондан).
Натижага қараб мукофот пуллари қуйидагича тақсимланади:
Турнирнинг финал босқичига чиққани учун ҳар бир жамоага 9,25 миллион евро олиш кафолатланади;
Гуруҳ босқичидаги ғалаба 1 миллион еврони ташкил қилади, дуранг - 500 минг;
Плей-оффга чиқиш жамоаларга ҳар бирига 1,5 миллион евро, чорак финалга 2,5 миллион, ярим финалга 4 миллион евро беради;
Ютқазган финалчи 5 миллион еврони олади ва турнир ғолиби яна 8 миллион олади.
“Евро-2020” ғолиби, ҳатто пандемия бўлмаган ва гуруҳда учта ғалаба қозонилган идеал шароитларда ҳам “ЖЧ-2018” ғолибидан кам - 34 миллион евро олади. Франция Россиядаги мундиалда 34,5 миллион евро ишлаб олган.
Умумий тенденция шуни кўрсатадики, Жаҳон чемпионатлари ва Европа чемпионатлари учун мукофот пулларидаги тафовут сўнгги йилларда фақат ошган. 2010 йилги жаҳон чемпиони ва 2012 йилги Европа чемпиони ўртасидаги даромаднинг фарқи 4,3 миллион еврони ташкил этди ва кейинги икки турнирда (2014 ва 2016 йилларда) у 6,3 миллионга ўсди.
Жамоаларнинг даромадлари ҳам сезиларли даражада фарқ қилади: Россия ва Бразилиядаги жаҳон чемпионатлари иштирокчилари ўртача 21 ва 15 миллион евродан пул ишлаб олган. Бу “Евро-2020” иштирокчиларининг ўртача мукофот пулидан кўпроқ. Инфляцияга қарамай, (Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати бундан 7 йил олдин бўлган) ва умумий даромаднинг ўсишига қарамай, Евро иштирокчилари ҳали ҳам кам пул олмоқда.
Тўғри, Европа чемпионатидаги мукофот пуллари бошқа қитъа чемпионатлариникидан анча кўп. Масалан, Америка Кубоги-2021 мусобақасининг жами мукофот жамғармаси 22 миллион еврони ташкил қилади.
УЕФАдан мукофот тўловлари футболчилар ўртасида тақсимланмайди. Яъни, турнирда ғалаба қозониш ва турнирда 34 миллион евро ишлаб олиш бу 26 та жамоанинг ҳар бир аъзоси тахминан 1,5 миллион евро олади дегани эмас. УЕФА терма жамоа ишлаб топган пулларини федерацияларга юборади ва улар футболчиларга бонусларни бериш ёки бермаслик тўғрисида қарор қабул қилишади. Ўз навбатида федерацияларнинг бундай мажбурияти йўқ. Бироқ, улар кўпинча футболчилар ва мураббийларни олдиндан рағбатлантиради. Масалан, Англия футбол ассоциацияси ҳар бир жамоа аъзосига “Евро”ни ютса 1 миллион евродан беришни ваъда қилган. Эслатиб ўтиш лозимки, инглизлар “ЖЧ-2018”дан ишлаб топилган барча бонусларни хайрия ишларига йўналтиришган эди. Эҳтимол, улар бу сафар ҳам худди шундай йўл тутишар.
Франция бўлган Европа чемпионатидаги энг бахтли одамлар турклар бўлган бўлиши мумкин эди. Гап шундаки, Туркия терма жамоаси ўша чемпионатда ғолиб чиққан тақдирда, терма жамоа вакилларининг ҳар бирига 750 минг евро мукофот ваъда қилинган. Бельгияликларга ҳам тахминан худди шу миқдорда (ҳар бирига 704 минг евродан) мукофот ваъда қилинган, аммо улар чорак финал босқичидаёқ мусобақадан чиқиб кетишди.
УЕФА “Евро-2020”дан қанча даромад кўради?
“Евро-2020”даги иккинчи рекорд бу УЕФАнинг қитъа чемпионатидан ишлаб топадиган даромади бўйича бўлади. Швецияда бўлиб ўтган “Евро-1992”дан бери УЕФАнинг даромади деярли 50 бараварга ўсди. Албатта, 2021 йилги мусобақага нисбатан даромадни 100% аниқлик билан башорат қилишнинг иложи йўқ, аммо Forbes турнирдан тушадиган потенциал даромадни 2,5 миллиард еврога баҳолаган, УЕФА эса йил бошида даромад 300 миллион еврога камайишини тахмин қилган. Яъни, стадионларга мухлисларнинг тўлиқ киришига рухсат берилмагани ва сайёҳлар оқимининг қисқаришига қарамасдан “Евро-2020” бундан аввалги “Евро-2016” рекордини янгилаши кутилмоқда (1,916 миллиард евро).
2000 йилги мусобақадан буён УЕФАнинг Европа чемпионатидан кўрадиган асосий даромад манбаи телевизион ҳуқуқларни сотиш бўлди. 2016 йилги Европа чемпионатида унинг улуши 50 фоизни ташкил этди ва 1 миллиард евродан ошди. Ҳомийлик ва лицензиялаш бўйича битимлардан тахминан 450 миллион евро, чипталар сотувидан деярли 400 миллион евро тушган. Қолганлари корпоратив мижозлар учун дастурлар ва бошқа даромад манбаларига тўғри келди.
УЕФА “Евро-2020”ни ташкиллаштиришга қанча пул сарфлайди?
УЕФА мусобақа олдидан мезбон шаҳарларга ҳомийлик қилмайди. Стадионлар қурилиши, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва бошқа ҳаражатлар учун маблағ мезбон давлат томонидан қопланади. ФИФА “ЖЧ-2018” харажатларини қоплаш учун Россияга 550 миллион евро берган. Бу мезбон мамлакат харажатларининг 5 фоизини ташкил қилади.
“Евро-2020” ўтказиладиган шаҳарларнинг таъкидлашича, мусобақа маҳаллий иқтисодиётни кўтаришга ёрдам беради. Масалан, “Евро-2020” мезбонлигидан воз кечган Дублин рақобатдан келиб чиқадиган қўшимча иқтисодий фаолиятни 106 миллион еврога баҳолаган. Европа чемпионати мезбонларидан бири ҳисобланган Андалусияда эса бу кўрсатгич 215 миллион еврони ташкил этиши кутилмоқда.
Туристик жозибадорликни оширишдан ташқари, мезбон шаҳарлар УЕФА томонидан турнирдан тушадиган пулларнинг бир қисмини чипталар, телевидение ҳуқуқлари, ҳомийлик шартномалари ва бошқа нарсалардан олади. Масалан, Бразилия 2014 йилги жаҳон чемпионати учун чипталар даромадининг 87 фоизини олган. Агар УЕФА “Евро-2020” мезбон шаҳарларига тахминан шунча фоиз тўлайди деб ҳисобласак, унда Санкт-Петербург биргина чипталарнинг ўзидан 28-33 миллион евро даромад олади. Ушбу шаҳарнинг “Евро-2020”дан кўрадиган умумий даромади эса 50 миллион еврога баҳоланмоқда.
Агар Европа чемпионатини ташкил этиш 1,2 – 1,3 млрд еврога тушса, УЕФА тахминан 0,9 – 1 млрд евро даромад кўради. Бу Европа чемпионатлари тарихидаги рекорд кўрсатгич бўлади.
Фикрлар