Европанинг топ-терма жамоаси жаҳон чемпионатини байкот қилмоқчи

Германияда 2026 йилги жаҳон чемпионатини бойкот қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бу масала АҚШ билан сиёсий келишмовчиликлар фонида муҳокама қилинмоқда.

Манбалар маълумотига кўра, мазкур масала бўйича муҳокамалар ўтган йилдан бери олиб борилмоқда. Ҳозирги вақтда мусобақани бойкот қилиш варианти юқори даражада кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, агар Испания миллий терма жамоаси ҳам мусобақада иштирок этишдан бош тортса,Германия ҳам шундай қарор қабул қилиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Германия канцлери Фридрих Мерц аввалроқ АҚШ ташқи сиёсатига танқидий фикрларини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон “қоидаларга асосланган тартиб” тамойилларидан чекиниб, куч ва миллий манфаатларга асосланган сиёсатга ўтмоқда.

Германия футбол иттифоқининг айрим вакиллари ҳам бойкот қилиш имкониятини қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, ташкилот вице-президенти Оке Гёттлих демократик қадриятларни ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан бундай қадамни кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Сабаблар орасида АҚШнинг миграция сиёсати ва эҳтимолий савдо чекловлари ҳам тилга олинмоқда.

АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонлари мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июнидан 19 июлигача бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!