ФАКТ! “Машъал” Наманганда "Навбаҳор"га қарши 18 ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозонган холос
Суперлига 10-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўз майдонида Муборакнинг “Машъал” жамоасига қарши майдонга тушади. Наманганликлар матбуот хизмати учрашув олдидан маълумотларни тақдим этди.
Мазкур клублар олий лига (Суперлига) ўйинларида 36 марта бир-бирларига қарши майдонга тушишган. Ушбу 36 та баҳсдан 16 та учрашувда муборакликлар ғалаба қозонишган, 13 тасида "лочинлар" ғолиб чиққан бўлса, 7 та ўйинда эса томонлар дурангга имзо чекишган.
“Навбаҳор” шу кунга қадар “Машъал”га қарши ўтказилган ўзаро ўйинларда 46 та тўп киритиб, ўз дарвозасидан 46 марта тўп олиб чиққан. Мазкур жамоаларнинг ўзаро баҳсларида “Машъал” 55 очкони, “Навбаҳор” эса 46 очкони қўлга киритган.
Ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1995 йили кузатилган. Ўша йили Наманганда ўтказилган ўйинда “лочинлар” 8:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Муборакликлар эса 2008 йилги мавсумда мезбонларни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган.
Ушбу клубларнинг шу кунгача Наманганда бўлиб ўтган 18 та баҳсидан 11 тасида “лочинлар” ғалаба қозонишган, 4 ўйинда жамоалар дурангга имзо чекишган, 3 та ўйинда эса муборакликлар зафар қучишган. Наманганда бўлиб ўтган баҳсларда “Навбаҳор” рақиб дарвозасига 32та гол уриб, ўз дарвозасидан 10 та тўп олиб чиққан.
Мазкур жамоаларнинг ўтган йили Наманганда бўлиб ўтиши керак бўлган ўйини COVID – 19 пандемияси сабабли, Тошкентдаги “Жар” стадионида ўтказилган ва унда номинал мезбон бўлган “Навбаҳор” 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Фикрлар