ФАКТ! “Навбаҳор” шу пайтгача “Бунёдкор”ни Тошкентда мағлубиятга учрата олмаган
24 ноябрь куни "Навбаҳор" клуби Cуперлига 24-тури доирасида Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби меҳмони бўлади. "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати ушбу ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.
Ўзбекистон чемпионатлари тарихида ушбу жамоалар ўзаро 27 маротаба куч синашишган. Ўтказилган ўйинларнинг 18тасида “Бунёдкор” “лочинлар”ни мағлубиятга учратган. “Навбаҳор” эса 4та ўйинда ғалаба қозонган. Бешта учрашувда эса томонлар ўзаро дурангга имзо чекишган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 54:19, “қалдирғочлар” фойдасига.
Ушбу клубларнинг ўзаро ўйинларидаги энг йирик ҳисоб 2009 йили кузатилган. Ўша йили Тошкентда бўлиб ўтган баҳсда “қалдирғочлар” 6:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
Тошкентда бўлиб ўтган 13та ўйиннинг 11тасида мезбонлар зафар қучишган, 2та учрашувда эса ғолиб аниқланмаган, тўплар нисбати – 31:6 “қалдирғочлар” фойдасига.
“Навбаҳор” шу пайтгача Тошкентда “Бунёдкор”ни мағлубиятга учрата олмаган.
Мазкур жамоаларнинг 1-даврада Фарғонанинг “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтган баҳсида наманганликлар номинал мезбон бўлишган ва ўша ўйинда тошкентликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
24 ноябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида соат 16:45 да бошланади.
Фикрлар