Факт! "Сўғдиёна" 6 йилдан буён Жиззахда "Пахтакор"га мағлуб бўлиб келади

Амалдаги чемпион "Пахтакор" Суперлиганинг 4-турида Жиззахда "Сўғдиёна" меҳмони бўлади ва мавсумни давом эттиради.

Карантин пайтида машғулотлар ўтказишга рухсат берилганидан сўнг тошкентликлар "Жар" стадионида машғулотлар ўтказиб, ўйинга тайёргарликни олиб борди. Бош мураббий Шота Арвеладзе ва дарвозабонлар мураббийи Иброҳим Йилмаз беллашув арафасида машғулотларга қайтди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди.

"Сўғдиёна" ва "Пахтакор" Ўзбекистон чемпионатлари тарихида 48 бор тўқнаш келган. Уларнинг 40 тасида "шерлар" ғалаба қозонган бўлса, 4 тадан беллашувда дуранг ва жиззахликлар зафари кузатилган. "Пахтакор" жиззахликлар дарвозасига 123 марта йўл топишга эришган ва ўз дарвозасидан 38 тўп ўтказиб юборган.

Жиззахдаги ўйинларнинг 18 тасида "Пахтакор" муваффақиятга эришган. Уч мартадан эса мезбонларнинг қўли баланд келган ва дуранг натижа қайд этилган. Жиззахда ўтган йили кечган баҳсда "Пахтакор" 2:1 ҳисобида муваффақиятга эришган. 2013 йил эса 0:0 ҳисобида тугаган учрашувда "Сўғдиёна" уйдаги охирги очкосини қўлга киритган. Сафардаги сўнгги 6 баҳсда "Пахтакор" кетма-кет ғалабага эришган.

Мезбонлар таркибида дисквалификация сабабли юзага келган йўқотиш мавжуд. Қизил карточка туфайли Шавкат Муллажонов майдонга туша олмайди. "Шерлар" сафида бундай йўқотиш учрамайди. Садриддин Абдуллаев, Акром Комилов ва Жавоҳир Сидиқов жароҳатдан тикланишга улгурди.

"Сўғдиёна" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги беллашув 14 июнь, якшанба куни "Сўғдиёна" стадионида соат 18:00да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!