Фантастик старт ёхуд "Андижон"дан "Бобур арена"да голлар шоуси
Янги мавсумни орзу қилган мухлислар кутиши бефойда эмас экан. Илк турдаёқ "Андижон" мухлисларига ҳақиқий байрам туҳфа қилди. "Сўғдиёна" устидан 4:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба — бу шунчаки уч очко эмас, бу жиддий баёнот эди!
"Бобур Арена" — босим, шижоат ва шоу!
Стадион бошидан охиригача қайноқ муҳитга тўлди. Трибуналардаги қўллаб-қувватлаш, мухлисларнинг шижоати майдондаги футболчиларга қўшимча куч бағишлади. "Ултрас Бургут" "ёндириб" юборди. Бундай муҳит ҳар қандай футболчини ҳам "ўйнатиб" юборади.
Икки бўлим — икки голдан!
Биринчи бўлимдаёқ майдон эгалари рақиб дарвозасини икки бор ишғол қилди. Тезкор комбинациялар, қанотлардаги фаоллик ва марказдаги устунлик ўз самарасини берди. “Сўғдиёна” ҳимояси босимга дош бера олмади. Сербиялик легионер - Неманя Чаласан "Бургутлар"нинг мавсумдаги дастлабки голи муаллифига айланди. Бўлим оҳирларида Имеда Ашортианинг фаоллиги эвазига Мартин Боаке иккинчи тўпни киритди.
Иккинчи бўлимда ҳам сценарий ўзгармади. “Андижон” тезликни туширмади, аксинча, янада очиқ ва ҳужумкор ўйин намойиш этди. Яна икки гол — ва таблодаги 4:0 ҳисоб ўйин тақдирини узил-кесил ҳал қилди. Аввалига Драган Черан Пўлатххжа Холдорхоновниг узатмасини ажойиб гол билан нишонлаган бўлса, Холдорхонов ўз рейдини қойилмақом гол билан якунлади. У заҳирадан майдонга тушиб гол+ассистни бажарди.
Бу шунчаки ғалаба эмас
Бу натижа жамоанинг янги мавсумдаги мақсадлари жиддий эканини кўрсатди. Мувозанатли ҳимоя, ижодкор ярим ҳимоя ва самарали ҳужум — барчаси бир бутун механизмдек ишлади. Энг муҳими, жамоа иштиёқ ва ишонч билан ҳаракат қилди.
Мухлислар эса ўйин сўнггида футболчиларни узоқ олқишлар билан кузатди. Барчаси шунчаки бетакрор лаҳзалар эди. Бу ғалаба — ҳамжиҳатлик, меҳнат ва ишончнинг меваси эди.
Ўйиндан кейин вилоят ҳокими ечиниш ҳонасида жамоани ажойиб ўйин ва ғалаба билан табриклади.
Шу тариқа, “Андижон” мавсумни фантастик тарзда бошлади
“Андижон” - “Сўғдиёна” - 4:0 (2:0).
27 феврал. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 14180 томошабин.
Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаeв, Ислом Азимов, Авазбек Абдуллаэв
Захира ҳаками: Олим Тўйчибоэв
ВАР: Ғайрат Жўраэв
АВАР: Максим Нехочин
Назоратчи: Виктор Серазетдинов
Комиссар: Диёр Ҳотамқулов
“Андижон”: Раҳимжон Давронов, Маҳмуд Махамаджонов, Ислом Тўхтахўжаэв, Игор Голбан, Неманя Чаласан, Александр Андроникашвили, Жамшид Болтабоэв (Дамир Темиров, 87), Имеда Ашортиа (Усмонали Исмоналиэв, 70), Дониёр Абдуманнопов (Пўлатхўжа Холдорхонов, 53), Драган Черан (Хумоюнмирзо Иминов, 70), Мартин Боаке (Сайфиддин Содиқов, 87).
“Сўғдиёна”: Никола Миркович, Зоир Жўрабоэв, Отабек Ахадов, Суҳроб Иззатов, Жавоҳир Қаҳрамонов, Жасур Жалолиддинов, Тоҳир Тўхтасинов, Абдулазизхон Абдурашидов (Александар Болевич, 46), Нодир Сойибов (Отабек Жўрақўзиэв, 72), Люпчо Дориэв, Фейсал Мулич.
Голлар: Неманя Чаласан, 13 - 1:0. Мартин Боаке, 45 - 2:0. Драган Черан, 54 - 3:0. Пўлатхўжа Холдорхонов, 84 - 4:0.
Огоҳлантиришлар: Александр Андроникашвили, 89 - Отабек Жўрақўзиэв, 89.
Фикрлар