Фатхулло Фатхуллоев: Ўзбекистон чемпионатидаги жамоалар билан беллашиш осон эмаслигини ўзимда синаб кўрганман

Чемпионатимизда ўйнаб кетган легионерлар орасида тожикистонлик Фатхулло Фатхуллаев ҳам бор эди. Ёдингизда бўлса, у ўтган йили “Бухоро” шарафини ҳимоя қилди. Бу йилги мавсумни эса ўз юртида “Хўжанд”да давом эттирди. У юртимиздаги фаолиятини эслар экан, нима учун “Бухоро”дан кетганини тушунтирди.

-  Ҳа, мен “Бухоро”да ярим йил ўйнаганман. Менга ҳамма нарса ёққан ва жамоада яхши кутиб олишганди. Ўзбекистон чемпионати жуда қизиқарли ва бу мени тўла қаноатлантирганди. Аммо менинг клуб билан шартномам тугаганди. “Хўжанд”нинг ОФКга йўлланма олиши учун мендан ёрдам беришимни сўрашганида улар томонидан юборилган таклифни қабул қилдим.

Ўшанда Фатхуллоевнинг “Бухоро”да тўп суришига ҳамюрти, собиқ мураббий Муҳсин Муҳаммадиев сабабчи бўлган. Унинг таклифига биноан бухороликлар сафига қўшилганди. Бироқ Муҳаммадиев клубда яхши натижалар кўрсата олмади. Ўз ўрнида тожикистонлик футболчи ҳамюртининг “Бухоро”даги фаолиятини баҳолар экан, жумладан шундай деди:

-  Ҳа, Муҳсин Муҳаммадиев билан “Бухоро”да ва миллий терма жамоада бирга ишлаганман. У жуда яхши мутахассис. Тўғри, муаммолар бўлган. Лекин Ўзбекистон чемпионатидаги жамоалар билан беллашиш осон эмаслигини ўзим ҳам танамда синаб кўрганман. Биз шундай мураккабликларга қарамай, элитада жон сақлашга ҳаракат қилганмиз.

Албатта, “Бухоро”нинг ўйинларини кузатяпман. Ҳозирда клуб сафида асосан ёш футболчилар ўйнашмоқда. Улар “Бухоро”нинг Суперлигада жон сақлаб қолиши учун ҳаракат қилмоқдалар.

Фатхуллоев Тожикистонда кўзга кўринган ўйинчилардан бири ва кўп йиллар давомида миллий терма жамоасида ҳам ўйнаган. Лекин Усмон Тошев Тожикистон термасига бош мураббий бўлиб келгач, Фатхулло доим ҳам йиғинларга чақирилмаяпти. Ёки уларнинг ўртасидаги муносабат яхши эмасми?

-  Менда у билан яхши шахсий муносабат бор. Тўғри, мен Тошев билан кўп ишламаганман. Бироқ мураббийнинг ишончи борасида бошқаларда бўлгани каби менда ҳам муаммо юзага келмаган, - деди “Бухоро”нинг собиқ футболчиси.

У юртимизда тўп сургани сабабли ўзбек футболини ҳам кузатиб бормоқда. Натижада чемпионатимиздаги ёқтирган футболчиси ва қайси клубда тўп суришни исташи ҳақида ҳам гапирди. 

-  Ўзбекистонда кўплаб яхши футболчилар бор. Аммо менга ҳаммадан кўра, Машариповнинг ўйин услуби ёқади. У тўп билан жуда енгил ҳаракат қилиб, бемалол қаршисига чиққан 2-3 нафар рақибини алдаб ўта олишга қодир. Қайси клубда ўйнашни хоҳлайман? Албатта, “Пахтакор”да.

Энди эса фаолиятини Ҳиндистоннинг “Ченнайн” жамоасида давом эттирадиган бўлди. Лекин маълум бўлишича, унга ўзимизнинг клублардан ҳам чорловлар бўлган. Фатхулло эса ушбу танлови ҳақида қуйидагиларни айтди:

-  Ҳиндистонда футбол жуда яхши шаклланиб боряпти. Маҳаллий Суперлигада яхши савиядаги легионерлар талайгина. Ўз кучимни мана шундай лигада синаб кўрмоқчиман. Шунинг учун ҳозир мен фақат янги клубим ҳақида ўйлаяпман. Инкор этмайман, Ўзбекистондан яна таклифлар бўлган, бироқ мен ҳинд Суперлигасини танладим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!