Файзуллаев супергол уриб, юбилей ғалабани таъминлади

Россия Премьер-лигасининг 23-турида ЦСКА футболчилари ўз майдонида “Факел” жамоасини қабул қилди.

Таъкидлаш жоизки, Премьер-лиганинг биринчи қисмида асосий кашфиёт сифатида эътироф этилган Аббосбек Файзуллаев қишки танаффусдан кейин бир неча маротаба захирада қолиб кетгани ўзбекистонлик футбол ишқибозларини бироз хавотирга солиб қўйганди.

“Армиячилар” бош мураббийи Владимир Федотов бу ҳолатни эмоционал тайёргарлик билан изоҳлаган эди.  

20 ёшли ҳужумкор футболчимиз бу гал бошланғич таркибда майдонга тушди. ЦСКА ҳужумкор ўйин кўрсатди.

Биринчи бўлим ўрталарида Тамерлан Мусаев ҳисобни очди. Танаффусдан кейин мезбонлар босимни янада кучайтирди.

Учрашув бошланганида роппа-роса бир соат бўлган паллада Иван Обляков “армиячилар”нинг иккинчи голини уриб,  ҳисобдаги фарқни иккитага оширди.

Беллашувнинг 75-дақиқасида катта саҳнага Аббосбк Файзуллаев чиқди. Рақиб жарима майдончаси ташқарисидан Тамерлан Мусаевдан тўпни қабул қилиб олган легионеримиз дарвозага шиддат билан яқинлашди ва алдамчи ҳаракатлар билан ҳимоячини чалғитиб, ажойиб зарба билан чиройли гол урди.

 Аббоснинг голи амалда учрашув ғолибини аниқлади. Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа биттадан тўп киритди. Москваликлардан Фёдор Чалов ўз ҳисобига битта аниқ зарба ёздириб қўйган бўлса, ўйин якунланиши арафасида Василий Черов ягона жавоб голини уришга муваффақ бўлди.

Шу тариқа, ЦСКА 4:1 ҳисобида йирик ғалаба қозонди. Бу "армиячилар"нинг Россия чемпионатлари тарихидаги 100-йирик ғалабаси сифатида қайд этилди. 

Таъкидлаш жоизки, “армиячилар” кейинги пайтда Премьер-лигада ғалаба қозонишга қийналаётган эди. Владимир Фёдотов шогирдлари 2024 йил ҳисобидан тўртта баҳсдан иккитасида очко йўқотганди.

Қизиғи шундаки, ЦСКА очко йўқотилган “Оренбург” ва “Сочи”га қарши учрашувларда ҳисобда олдинда бориб, охирида ғалабани қўлдан чиқарган эди.

Бу ғалабадан кейин москвалик “армиячилар” юқори ўринлар учун курашга қайтди.

Аббосбек Файзуллаев ҳам статистик кўрсаткичларини яхшилаб олди. Легионеримиз  Премьер-лигадаги учинчи голини киритди. Умумий ҳисобда Файзуллаев ЦСКАга кўчиб ўтганидан бери жами 23 та баҳсда қатнашиб, учта гол ва тўққизта ассист муаллифи бўлди.

ЦСКА навбатдаги учрашувини 13 апрель куни асосий рақобатчиларидан бири “Локомотив”га қарши ўтказади. Ўйин Москва шаҳрида, лекин рақиб майдонида бўлади.

Шомуродов бошқа даражадаги футболчи. Элдорга юқори баҳо беришди!

Легионеримиз “сир”ни очмадиЎзбекистон ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган ишни уддалаши керак

Шомуродовга имкон берилмаяпти

Ҳасанбой Дўсматов “даҳшатли” рейтингда биринчи!

Мадримовни машҳур боксчи рингга чақиряпти. У Исроилнинг чемпионлик камарига кўз тикди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!