Файзуллаевни кузатаётган машҳур клуб кучлилар сафига қайтди!
Жорий мавсумни Италия чемпионатининг “В” Сериясида ўтказаётган “Парма” жамоаси муддатидан олдин юқори дивизион йўлланмасини қўлга киритди.
Пармаликлар 36-турда “Бари” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва очколари сонини 74 тага етказиб, пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.
Дуранг натижасида қўлга киритилган бир очко самарасида “Парма” чемпионат якунланишига икки тур қолганида учинчи ўриндаги жамоада етти очкога ўзиб кетди ва “А” Сериядаги жойини кафолатлади.
Италия чемпионати қоидаларига кўра, “В” Серияда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар келаси мавсумни энг кучли дивизионда бошлайди.
Энди “В” Серия етакчиси “Кремонезе” ва “Реджина”га қарши баҳсларни шунчаки расмиятчилик учун ўтказади.
Таъкидлаш жоизки, “Парма” раҳбарияти келаси мавсум олдидан таркибни кучайтиришни режалаштирган.
Яқинда “Парма” фаолиятини ёритиб бораётган www.parmalive.com сайти эксперти Жузеппе Эмануэле Фризоне ушбу жамоа ўзбек футболчиси Аббосбек Файзуллаевни кузата бошлагани ҳақида маълумот тарқатган эди.
- “Парма” ҳозирдан таркибни кучайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, клуб Марказий Осиёнинг юлдуз даражадаги ўйинчисини кузатувга олган. Бу Аббосбек Файзуллаевдир.
Аббос техникаси кучли плеймейкер ва ёш ҳужумчи сифатида Москванинг ЦСКА жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Бу футболчи айниқса, голларга ассистент сифатида самарали ўйнамоқда.
Ҳужумкор ўзбек футболчиси ўз қитъасининг энг салоҳиятли ёш ўйинчиларидан ҳисобланади ва сўнгги ойларда унга “Бавария” қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар чиқарилмоқда, - деб ёзганди Жузеппе Эмануэле Фризоне.
“Парма” уч йиллик танаффусдан сўнг “А” Серияда ўйнайдиган бўлди. 111 йиллик тарихга эга жамоанинг яна кучлилар сафига қўшилишида Аббосбе Файзуллаев сингари Россия Премьер-лигасида ўзини кўрсатган футболчиларнинг хизмати катта бўлди.
“Парма” ҳимоячиларидан Йордан Осорио, Кристиан Ансальди ҳамда ярим ҳимоячи Эрнани ўз даврида Санк-Петербургнинг “Зенит” жамоаси шарафини ҳимоя қилган.
Фикрлар