Ўзбек футболчилари қилган ишни кўпчилик уддалай олмаган!
Қатардаги Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиб, финалга чиқиш орқали ёзда Франция пойтахти Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ўзига хос тарих яратмоқда.
Тимур Копадзе бошчилигидаги терма жамоамиз Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида биринчи бўлиб тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Умуман олганда, 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида вакилларимиз доим яхши натижаларни қўлга киритган.
“Оқ бўрилар” Осиё кубоги финалида бунгача икки маротаба ўйнаган ва Қатардаги финал ҳам ҳамюртларимиз учун янгилик эмас. 2018 йили истеъдодли футболчиларимиз қитъа чемпионлигига эришган бўлса, аввалги – 2022 йилги мусобақада кумуш медаль билан кифояланган.
3 май куни бўладиган финалда Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Осиё кубогида ҳали ҳеч бир терма жамоа икки маротабадан чемпион бўлмаган.
Бу галги финалда қайси терма жамоанинг қўли баланд келса, янги тарихий натижа қайд этган бўлади.
МДҲ давлатлари орасида шу пайтга қадар фақат бир мамлакат футболчилари Олимпия ўйинларида иштирок этган. Беларусь терма жамоаси 2011 йили ёшлар ўртасидаги Европа биринчилигида муваффақиятли қатнашиб, Лондон Олимпиадасига чипта олганди.
2012 йилги ўйинларда беларуслар Бразилия ва Миср терма жамоаларига имкониятни бой бериб, гуруҳда қолиб кетган.
Бундан аввал ва кейин МДҲнинг бирор терма жамоаси Олимпия ўйинларига чиқа олмаган.
Бугунги кунга келиб, бу ишни фақат Ўзбекистон ва Украина олимпия терма жамоалари уддалади.
Айни пайтда Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларининг футбол мусобақаларида иштирок этадиган терма жамоалар ўртасида қуръа ташланиб, улар гуруҳларга ажратилган.
Агар Ўзбекистон терма жамоаси финалда Японияни мағлубиятга учратиб, чемпионликка эришда Олимпиадада “D” гуруҳидан жой олиб, Парагвай, Мали ва Исроил футболчилари билан куч синашади.
Осиё кубоги кумуш медаль соҳиби, “С” гуруҳига тушган ва бу квартетдан чиқиш учун Испания, Миср ва Доминикан Республикаси вакиллари билан рақобатлашишига тўғри келади.
Бўлажак Олимпия ўйинларида футболчиларимиз муваффақиятли юришларини давом эттиришларини умидни қиламиз.
Фикрлар