Улар Парижда ўзбек футболчиларига мухлислик қилади!
Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Қатардаги Осиё кубогида финалга чиқиб, ёзда Париж мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларига йўлланма олгани бўйича муносабатлар давом этмоқда.
Россиянинг нуфузли сайтларидан бири – metaratings.ru сайти Ўзбекистон терма жамоасининг қитъа чемпионатидаги муваффақиятлари ҳақида алоҳида тўхталди.
Ушбу нашр эксперти Руслан Семенеев Россия клубларига алоқадор футболчиларнинг терма жамоамиз муваффақиятига қанчалар муҳим ҳисса қўшганига эътибор қаратди.
- Тимур Копадзе шогирдлари ажойиб натижалар қайд этиб, Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоаси Малайзияни 2:0, Кувайтни 5:0, Вьетнамни 3:0, Саудия Арабистонини 2:0, Индонезияни 2:0 ҳисобида енгиб, финалга чиқди.
Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг беш нафар аъзоси Россия клубларига тегишли ҳисобланади:
Ҳимоячи Иброҳимхалил Йўлдошев (“Нижний Новгород” аъзоси, ижара асосида Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоасида ўйнаяпти);
Ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиев (“Рубин”);
Ҳужумкор футболчи Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА);
Ҳужумчи Ҳусайин Норчаев (“Алания” аъзоси, ижара асосида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасида ўйнаяпти);
Ҳужумчи Русланбек Жиянов (“Нижний Новгород” аъзоси, ижара асосида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасида ўйнаяпти, - деб маълумот берди – metaratings.ru сайти эксперти Руслан Семенеев.
Дарҳақиқат юқорида номи келтирилган футболчиларнинг барчаси Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг асосий ўйинчилари ҳисобланади ва Қатар майдонларида ўзларига билдирилган ишончни оқлади.
Аббосбек Файзуллаев креатив ўйин услуби билан ҳужумлар ташкил этишда жонбозлик кўрсатди, Руслан Жиянов Вьетнамга, Умарали Раҳмоналиев Саудия Арабистонига, Ҳусайн Норчаев Кувайт, Саудия Арабистони ва Индонезияга гол урди.
Иброҳимхалил Йўлдошев мардонавор ўйини билан ҳимояни мустаҳкам ушлади ва терма жамоамиз турнир давомида бирорта гол ўтказмаганида унинг ҳам меҳнатлари бор.
Файзуллаевнинг ўрни қаттиқ билинади!
Фикрлар