"Фенербаҳче" футболчилари "Лион" мураббийини калтаклашди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Европа майдонларида яна бир шов-шувли воқеа қайд этилди: Чемпионлар лигаси саралаш босқичида ҳал қилувчи ўйиндан сўнг «Фенербаҳче» футболчилари «Лион» дарвозабонлар мураббийи Антонио Феррейрани калтаклашди.

Жанжал марказида турк клуби ярим ҳимоячиси Маттео Гендузи турибди. У ҳали ўйин бошланмасидан, қизиш пайтидаёқ «Лион» мухлислари билан тортишиб қолган. Франциялик футболчи трибуналар томон ҳақоратли ишоралар кўрсатгани айтилаяпти.

Учрашув тугагач, вазият янада кескинлашди. Ғалабадан руҳланган Гендузи майдон эгалари мухлислари олдида очиқча байрам қила бошлади ва уларни қўзғатадиган тарзда «Олға, «Марсель»!» дея бақирди. Эслатиб ўтамиз, у аввал шу клуб шарафини ҳимоя қилган.

Бу ҳолат Антонио Феррейрани қаттиқ ғазаблантирди. «Лион» дарвозабонлар мураббийи Гендузи томон шиддат билан югуриб борди, аммо орадан кўп ўтмай вазият назоратдан чиқди: «Фенербаҳче» футболчилари мураббийни чор атрофдан ўраб, стадион бурчагига қисиб қўйишди.

Маттео Гендузи эса можарони кучайтирмаслик учун тезда майдондан олиб чиқилиб, кийиниш хонасига юборилди. Ҳозирча можаро бўйича расмий баёнотлар ва эҳтимолий жазо чоралари ҳақида маълумот берилмаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!