Февзи Давлетов: "Биринчи бўлимдаги натижани сақлаб қолганимизда уч очко ишлаган бўлардик, лекин..."

“Локомотив” – “Сухон” (1:1) учрашувидан кейин термизликлар бош мураббийи Февзи Давлетов бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Иккала жамоа ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қилди. Рақиб жамоа мураббийлар штабида ўзгариш бўлди. Шунга асосан уларнинг ўйинида турли ўзгаришлар сезилди ва бошқача тайёргарлик кўришди. Биринчи таймда бир қатор имкониятларни яратдик. Аммо улардан фойдалана олмадик. Иккинчи таймда эса бошқача ўйин қилдик. Афсуски, ўйин темпини тушириб юбордик. Кўплаб нотўғри паслар ва нотўғри жойлашув натижасида гол ўтказиб юбордик. Шундан кейин жамоамиз бироз ўзига келди. Тўпни яна назорат қила бошладилар. Оддий ҳолларда тўпни йўқотяпмиз. Буни таҳлил қиламиз.

- Биринчи бўлимда “Сурхон” яхши таассурот қолдириб рақиб дарвозасини ишғол қилди. Лекин иккинчи бўлимда пасайиш кузатилди. Бу нима билан боғлиқ?

- “Бунёдкор”, “Динамо” каби клубларга қарши ҳам шунга ўхшаш хатоларга йўл қўйгандик. “Локомотив”га қарши учрашувда оддий вазиятларда тўпни кўп йўқотдик. Кейин эса ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилинди. Футболчиларга руҳий томондан ҳам бир нима етишмагандек бўлди. Танаффус пайтида футболчиларга ҳимояга ётиб олманглар, ҳужум қилинглар деб тайинлаганман. Албатта, машғулотларимиз давомида йигитлар билан яна гаплашамиз.

- Шохжаҳон Султонмуродов бир неча ўйиндан бери майдонга тушмаётганди. Бугун у қайдномада ҳам йўқ эди.

- Ҳозирча у асосий таркибда ўйнашга тўлиқ тайёр эмас.

- Нимели жароҳатидан тўлиқ қутулдими? Шунингдек, Кримецни майдонда кўрдик. У ҳам жароҳатидан фориғ бўлдими?

- Кримецга келсак, жароҳатларини даволатди. Машғулотларда ишлади, аста-секин таркибга қайта бошлади ва бу сафар бошланғич таркибда майдонга тушди. “Динамо” билан учрашувда майдонга тушишга улгурмади. Нимели ҳам спорт формасига қайтишига умид қиламиз. Бир қатор ўйинчиларимиз ҳам жароҳатдан чиқишган. Машғулотлар ва ўйинлар давомида янада формага кириб оладилар. Нимели ўтган йилгидек ҳолатига қайтишига умид билдирамиз. У ҳужум чизиғимизни кучайтира олади. Шунчаки, у қишки йиғинни катта қисмини жароҳат сабабли ўтказиб юборганди. Яна битта турдан кейин чемпионатда бироз танаффус бўлади ва у янада спорт формасига кириб олади.

- “Сурхон” бу учрашувда бир очко ишладими ёки икки очко йўқотдими?

- Агар биринчи бўлимдаги натижа сақланиб қолганида биз уч очко ишлаган бўлардик. Лекин натижа бошқача бўлди. 30 дақиқа давомида, голгача ўйинимизни йўқотиб қўйдик. Бу ҳолатга ўзимиз сабабчимиз. Кўп футболчиларимизда ўзига бўлган ишонч етишмаяпти. Ёши катта ўйинчиларимиз уларни қўллаб-қувватлаб, керакли жиҳатларни ўргатиб келишмоқда. Ҳали ўз устимизда кўп ишлашимизга тўғри келади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Islom Esanov
28/05/2024 01:14
Fevzi Davlatov OUT please