Февзи Давлетов: "Мағлубиятга лойиқ эмасдик"

CHERY AUTO

“Андижон” – “Сурхон” (2:1) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Февзи Давлетов қатнашди.

- Яхши ўйин бўлди. Беллашувнинг 20-25 дақиқасигача биз назорат қилдик. Бир қатор вазиятларни яратдик. Лекин имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Шундан сўнг кўп нарса ўхшамади. Мана шундай вазиятлардан тўлиқ фойдаланмаслигимиз кейинчалик яхши оқибатларга олиб келмаяпти. Натижада рақибга имкониятларни бериб қўйдик. Биринчи таймнинг иккинчи ярмида ташаббусни рақибимизга топшириб қўйдик ва яхши ишламадик. Футболчиларимизга кўрсатмаларни бергандик, бироқ тўлиқ бажаришмади. Иккинчи бўлим бошларида ҳам бир қатор хатоларга йўл қўйдик. Умумий маънода айтсам, биз мағлубиятга лойиқ эмасдик. Максимум даражада дуранг бўлиши керак эди. Бундай ўйинларни ютиш керак эди.

- Биринчи таймни жамоангиз шиддатли бошлаганди. Иккинчи таймда эса пасайиб кетди...

- Гол урганимиздан кейин бироз хотиржамликка берилдик. Берган кўрсатмаларимизни йигитлар тўғри қабул қилишмади, шекилли. Қанотларда ҳам фаол ўйнамадик. Биринчи голнинг ўтказилишида охиригача курашиш керак эди. Иккинчи гол моҳирона киритилди. Майдонда яхши ҳаракат қилишинг, лекин бир-иккита хато туфайли гол ўтказиб юборишинг мумкин.

- Қайдномада бош мураббийсиз. Бироқ ўйин пайтида асосан захира ўриндиғида ўтирдингиз ва Қудряшов билан Қурбонбоев футболчиларга кўрсатма бериб турдилар.

- Биз ўйингача кўрсатмалар берганмиз. Бу ерда ҳеч қандай ажабланарли нарса йўқ. Биз барчамиз биргаликда ҳаракат қиламиз.

- Жаҳонгир Абдусаломов захирадан майдонга тушди. Бу нима билан боғлиқ?

- У кўп вақтни майдон ташқарисида ўтказди ва ҳозирда тўлиқ оптимал ҳолатда эмас. Ўртада катта пауза бор. Шу вақт ичида ўз спорт формасини тиклаб олади, деб ўйлайман.

- Асилбек Жумаевнинг ўйини борасида нима дея оласиз?

- Катта ҳажмдаги ишни бажаряпти. Устида ҳали кўп ишлаши керак. Чиройли пас бериш керак ва гол уриш лозим, худди “Андижон”га ўхшаб. Бизга айнан шундай ҳолат етишмади. Жумаев имкониятидан фойдаланганида бошқача бўларди. Гол ур, имкониятинг бўлганди, сенга нима ҳалақит қиляпти?

 

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!