FIA Awards тарихи ва ёрқин лаҳзалари
Йиллар давомида FIA Awards маросими автомобиль спорти дунёсидаги энг нуфузли йиллик тадбирлардан бирига айланди. Айнан шу ерда мавсум якунлари расмий тарзда сарҳисоб қилинади ҳамда Формула-1, ралли, картинг ва узоқ масофага югуриш пойгалари каби турли йўналишларда энг юқори натижаларга эришган спортчилар ва жамоаларга чемпионлик мукофотлари топширилади.
Гала-кечани ўтказиш анъанаси 2003 йилдан бошланади. Ўша йили FIA жаҳон чемпионларини бирлаштирган ягона тантанали маросимни илк бор ташкил этди. Шундан буён FIA Awards ҳар йили жаҳон автомобиль спортининг етакчи вакилларини жамлаб келади; тадбир географияси эса Париж, Версал, Истанбул, Монако, Вена, Санкт-Петербург, Болонья, Боку, Кигали ва бошқа кўплаб шаҳарларда ўтказилган.
Турли йилларда FIA Awards саҳнасига Формула-1, Ралли, Картинг, WEC каби йўналишларда тарихга кирган энг нуфузли чемпионлар кўтарилган —Михаэль Шумахер, Себастьян Феттель, Льюис Хэмилтон, Макс Ферстаппен, Себастьян Ожье, Том Кристенсен, Себастьян Леб, Йохан Кристофферссон, Кирилл Куцков ва бошқалар.
Асосий чемпионлик мукофотларидан ташқари, маросим FIA қадриятларини акс эттирувчи махсус номинацияларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, 2013 йилдан буён "Action of the Year" — мавсумнинг энг томошабоп лаҳзаси учун бериладиган мукофот топширилади. Турли йилларда бу совринга Фернандо Алонсо, Даниэль Риккардо ва Шарль Леклер муносиб деб топилган.
Автомобиль спортини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бериладиган мукофотлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Йиллар давомида ушбу саҳнада Жан Тодт, Берни Экклстоун, Ники Лауда каби пойга йўлларидан ташқарида ҳам улкан мерос қолдирган шахслар тақдирланган.
FIA Awards тарихи нафақат автомобиль спортининг эволюциясини, балки унинг маданий аҳамиятини ҳам намойиш этади.
2025 йилда Тошкент ушбу нуфузли шаҳарлардан бирига қўшилиб, FIA Аwаrds'га мезбонлик қиладиган навбатдаги марказга айланади. Ўзбекистон пойтахтига картинг, ралли, ралли-рейдлар, кузовли сериялар, узоқ масофага югуриш пойгалари ва, албатта, Формула-1 каби барча асосий йўналишларнинг жаҳон чемпионлари ташриф буюриши кутилмоқда. Бу йил саҳнага кимлар чиқиши эса мавсум якунлангач расмий тарзда маълум бўлади.
Манба: National Autosport & Karting Federation of Uzbekistan



Фикрлар