FIDE Жаҳон кубоги-2021: Жаҳонгир ва Жавоҳирдан сенсацион ғалаба!
Шу кунларда Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида давом этаётган шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги FIDE Жаҳон кубоги тобора қизғин тус олмоқда.
Aйни пайтда дунёнинг энг кучли шахматчиси бўлмиш Магнус Карлсен ҳам муваффақиятли дона сураётган мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 1 892 500 долларни ташкил этишидан хабарингиз бор. Мусобақа ғолиби якунда 110 000 долларга эга бўлади.
Кеча бўлиб ўтган Жаҳон кубогининг 1/64 финал босқичидан ўрин олган иккинчи партия учрашувларида ёш гроссмейстерларимиз Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Aбдусатторов кучли рақибларига қарши муносиб дона суришди.
Қувонарлиси, Нодирбек Aбдусатторов ҳиндистонлик гроссмейстер Aравиндх Читамбарамни 1,5:0,5 ҳисобида таслим этди ва учинчи даврага, яъни 1/32 финал босқичига йўл олди. Энди Aбдусатторов франсиялик машҳур гроссмейстер Aниш Гири билан тўқнаш келади. Гири россиялик Борис Савченкодан 2:0 ҳисобида устун келди.
19 ёшли гроссмейстеримиз Шамсиддин Воҳидов дунё тарихидаги иккинчи ёш гроссмейтер, 2015 йилги FIDE Жаҳон кубоги ғолиби, тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони (2012 йил), блитс бўйича жаҳон чемпиони (2016), 2013 ва 2019 йилларда жамоавий жаҳон чемпионатида икки бор чемпионлик тожини кийган россиялик машҳур шахматчи Сергей Карякинга ҳар икки партияда ҳам ютқазиб қўйди. Яна бир вакилимиз Нодирбек Ёқуббоев эса чехиялик номдор гроссмейстер Давид Наварага 0,5:1,5 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақа билан хайрлашди.
Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Жавоҳир Синдаровлар эса иккинчи партияда ҳам номдор рақиблари билан муросага келишди. Натижада улар ҳал қилувчи тай-брекда ўз омадларини синаб кўришадиган бўлди.
Ҳозиргина якунланган тай-брекда Жаҳонгир Воҳидов сенсацион ғалабага эришди. У кимсан Лениер Перез Домингесни мағлуб этди ва учинчи босқичга йўл олди. Таққослаш учун: айни пайтда FIDE таснифида Жаҳонгир 2534 рейтинг очкосига эга бўлса, унинг рақиби ҳисобида 2758 рейтинг очкоси бор.
Жаҳонгирнинг ортидан Жавоҳир Синдаров ҳам шов-шувли ғалабага эришди. Дунёнинг энг ёш гроссмейстерларидан бири бўлиб турган Синдаров форс миллатига мансуб Франсия фуқароси Aлиризо Фирузжадан устун келди ва шу тариқа 1/32 финалга йўл олган шахматчиларимиз сони уч нафарга етди. Таққослаш учун: Фирузжа FIDE таснифида 2759 рейтинг очкосига эга. Жавоҳирнинг бу борадаги кўрсаткичи эса 2558ни ташкил этмоқда.
Фикрлар