ФИФА легионеримиз фойдасига қарор чиқарди. Аслида нима бўлганди?

Хабарингиз бўлса, охирги пайтларда бир қатор футболчиларимиз четда тўп суриш учун легионер мақомига айланишяпти. Хориждаги фаолияти давомида кимнидир иши ўхшаяпти, яна кимдадир турли муаммолар юз бераётгани ҳам бор гап.

Футбол мухлисларига яхши таниш бўлган ўйинчилардан бири – бу Абдураҳмон Абдулаҳаков. 1996 йилнинг 10 октябрь санасида таваллуд топган. У бунга қадар “Нефтчи”, “Андижон”, “Турон”, “Металлург”, “Машъал” ва “Янгиер” каби клубларимиз шарафини ҳимоя қилган. Ўтган йилнинг апрель ойида “Янгиер”дан Қирғизистоннинг “ОшМу-Алдиер” жамоасига кўчиб ўтади. Кейин эса 2023 йилнинг октябрь ойида футболчимиз Бангладешнинг “Шейх Руссел” клубидан тушган таклифни қабул қилган ҳолда мазкур жамоа билан шартнома имзолади.

Айнан Бангладеш клубига ўтиши ҳақида янада аниқроқ тўхталадиган бўлсак,  Абдураҳмон Абдулҳаков “Бунёдкор” бош директори ўринбосари Зокиржон Холиковнинг аргентиналик агент таниши ёрдамида Бангладеш премьер лигаси клуби “Sheikh Russel Krira Chakra Limited” билан 2023 йил 1 октябрдан 2024 йил 25 июлгача мўлжалланган шартнома тузди. Лекин кейинчалик кутилмаган ҳолатлар юз берди.

Гап шундаки, 2023 йил ноябрь ойида Бангладеш клубида бош мураббий алмашди ва Абдураҳмон Абдулҳаков билан шартнома сабабсиз равишда клуб томонидан бир томонлама бекор қилинди ҳамда футболчимизни Ўзбекистонга юборишди. Аммо вазият шундайлигича қолиб кетгани йўқ.

Бизга маълум бўлишича, Зокиржон Холиқов маслаҳати билан маҳаллий спорт юристи ёрдамида иш 2023 йил декабрь ойида ФИФАга оширилди. Жорий йилнинг 8 апрель куни ФИФА Бангладеш клубидан Абдулҳаков фойдасига деярли 30 минг АҚШ доллари ундириш тўғрисида қарор чиқарди ҳамда Абдураҳмонга трансфер ойнаси ёпилганига қарамасдан клублар билан истисно равишда шартнома имзолашига рухсат берди.

Кўриб турганингиздек, ФИФА ҳамюртимиз фойдасига одилона қарор чиқарди. Албатта, бунда ҳуқуқий жиҳатдан яхши билимга эга бўлган мутахассисларнинг ёрдами ҳам асқотди. Энди Абдураҳмон Абдулҳаков фаолиятини бошқа клубда давом эттириш имконига эга. Юқорида тўхталганимиздек, ФИФА бу борада футболчимизга бошқа клуб билан шартнома имзолаш учун рухсат берган. Воқеалар ривожини эса кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!