ФИФА яна бир Про-лига клубимизга трансфер тақиқи белгилади
Жорий йилнинг 16 август куни ФИФА Низоларни ҳал этиш палатаси “Арал Самали” футбол клуби ҳамда унинг хорижлик собиқ мураббийи Николай Шевченко ўртасидаги низоли вазият юзасидан қарор чиқарган.
Унга асосан собиқ мураббийи олдидаги молиявий мажбуриятларни тўлиқ бажармагани сабаб “Арал Самали” футбол клубига нисбатан 45 кун муддат ичида зиммасидаги қарздорлик масаласини бартараф этиш талаби юклатилган эди.
Агар клуб белгиланган вақт ичида мазкур низоли вазиятни ҳал этмаса, “Арал Самали”га нисбатан ички ва халқаро трансферларни амалга ошириш тақиқи автоматик равишда белгиланиши маълум қилинган.
Бироқ 7 октябрь куни ФИФА Николай Шевченконинг юристлари мурожаатига асосан, “Арал Самали” футбол клуби белгиланган муддат ичида зиммасидаги молиявий мажбуриятларни бажармади, дея эътироф этди ва клубга нисбатан трансфер тақиқи белгилади.
Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар