Филипосяннинг кичкина клубдаги ишлари қандай?

Ўзбекистонлик футболчи Артём Филипосян ушбу мавсумни Таиланд чемпионатида ўтказаётганидан хабарингиз бўлса керак. Ҳимоячи маҳаллий «Прачуап» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Бунгача «Бухоро» таркибида тўп суриб келган футболчига ўзимизнинг бир қатор клублардан ҳам таклифлар бисёр эди. Лекин Артём фаолиятини легионер сифатида давом эттиришга қарор қилди. Бу унинг хориждаги илк жамоаси эмас. Бундан бир неча йил олдин ҳам Филипосян легионер сифатида тўп сурган. Аниқроғи, фаолиятини Хитой чемпионатида ҳам давом эттирганини эслатиб ўтмоқчимиз. Хуллас, иккинчи бор легионерга айланган футболчимизнинг Таиландга қандай кўчиб ўтгани, у ердаги ҳаёти, «Бухоро»даги фаолияти ва яна бошқа масалалар юзасидан фикрларини билишга қизиқдик.  

«Менга ўзим танимайдиган агент қўнғироқ қилди»

- Ўтган йилги чемпионат тугашига бир ой вақт қолганида менга сербиялик бир агент алоқага чиққанди. Лекин уни танимасдим, мен учун номаълум агент эди. Ўшанда у менга Таиланд клубида ўйнашга иштиёқинг борми деб сўраганди. Агентга ҳа, у қандай жамоа ва қандай лига деб сўрадим. Кейин агентдан қизиқиб мени қандай топдингиз дедим. Айтишича, Аднан Ораховац мени тавсия қилган экан. Ораховац мен ҳақимда уларга маълумот бергач, менинг ўйинларимни кузатишган ва жамоа мураббийларига ҳам ўйиним маъқул келибди. Кейин агент сен нима дейсан, рози бўлсанг, шартларингни гаплашиб оламиз деди. Шундан сўнг 3-4 кун ўтгач, менга Аднан Ораховацнинг ўзи қўнғироқ қилди. «Пахтакор»да ўйнаб юрганида у билан таниш эдик. У ҳам бизни жамоада ўйнашга иштиёқинг борми, мураббийлар сени кўришни хоҳлашяпти, дарҳол шартнома таклиф қилишга тайёр туришибди деди. Шу тариқа уларга розилигимни бердим ва шарт-шароитларни гаплашиб олдик. Бизда мавсум тугаганидан кейин таиландликлар менга чипта юборишди 16 декабрь куни етиб бордим ва «Прачуап» жамоаси билан шартнома туздим.

«Аднан Ораховац туфайли «Прачуап»ни тандим»

- Ораховацнинг ушбу клубда ўйнаётгани учун ҳам «Прачуап»ни танладим. Чунки у рус ва инглиз тилларини яхши биларди. Бир томондан қараганда менга шу нарса ҳам қулай бўлди. Аднан эса менгача Таиландда бир йил давомида ўйнаб мослашиб бўлганди. Олдимда асосан ўзимизнинг клублардан таклифлар бор эди. Четдан эса биргина Таиланд жамоасидан қизиқиш бўлганди. «Прачуап»га мослашишимда асосан Ораховац кўпроқ ёрдам берди. Бу ерга келганимда эса ҳеч кимни танимасди ва билмасдим. Ҳаво ҳам иссиқ эди. 16 декабрда келган бўлсам, янги йил байрамигача 15 кун шуғулландик. Шундан сўнг байрам учун футболчиларга жавоб беришди. Мен эса уйга кетмасдан, янги йилда ҳам шу ерда қолдим. Ростини айтсам, бошида бир ой давомида менга қийин бўлди. Кейинчалик кўникиб кетдим. Шароитлари эса яхши. Клуб томонидан менга уй ва машина берилган. Менга таржимон ажратилмаган. Чунки боя айтганимдек, Аднан менга ёрдам беряпти. Инглиз тилини аста-секин ўрганяпман, аммо ҳали гаплашишга қийналяпман.

«Ҳозирча ишларим яхши»

- Таиланд чемпионатининг савияси аста-секин ошиб боряпти. Бу ерга яхши савиядаги легионерларни олиб келишяпти. Фақат Таиланднинг ҳавоси иссиқ ва намлик даражаси юқори. Энди ўйинлар кечки соат 20:00 да бошланади. Чемпионат баҳсларини ҳам бошлаб олдик ва учта турни ўтказиб, барча ўйинларда иштирок этдим. Ҳаммаси яхши кетяпти. Клуб томонидан менга берилган уйда ҳам шароитлар зўр, Аднан билан эса қўшнимиз.

«ПФЛ қарздорликларимизни ундириб берди»

- «Бухоро» жамоасида уч йил тўп сурдим. Яхши ва ёмон кунлар ҳам бўлди. Лекин нолимайман, мухлислар бизни ажойиб равишда қўллаб-қувватлашарди. Аммо клубнинг футболчилардан бўлган қарздорликлари кўпайиб кетди. Натижада футболчилар билан гаплашиб, бу масала бўйича ПФЛга мурожаат қилдик. Ушбу ташкилот эса бизнинг барча пулларимизни ундириб берди. Бунинг учун ПФЛга катта раҳмат. Ҳар бир футболчи ўзининг ҳалол пулларини олишга ҳақли.

«Аслида «Бухоро»дан кетишни режа қилмагандим»

- «Бухоро»дан кетишни олдиндан режалаштирмагандим. Лекин олдиндан нима бўлишини ҳеч ким билмасди. Фақатгина менда хориждан яхши таклиф бўлганидан кейингина «Бухоро»дан кетишга қарор қилдим. Ўтган йили охирларида эса «Бухоро»нинг қарздорликлари кўпайиб кетганди ва жамоага ким бош мураббий бўлиши ҳам номаълум эди. Хуллас, саволлар кўпайиб кетганди. Лекин у ерда уч йил ичида ёмон таассурот қолдирмадик, юқори ўринларни эгалладик.

«Бизнинг клуб кичкина»

- «Прачуап» кичкина клуб. Таиланднинг юқори дивизионида энди иккинчи йилини ўтказяпти. Ҳали клубнинг тарихини яхши билмайман. Бу ерга келганимда жамоанинг асосий мақсади олий лигада жон сақлаб қолиш экан. Чунки бу йил Таиланд чемпионатидан учта жамоа қуйи дивизионга тушиб кетади. Стадион ўз бағрига 5000 минг мухлисларни сиғдиради. Клуб сингари ўйингоҳимиз ҳам ихчам жойлашган. Бунинг устига шаҳар ҳам кичкинагина. Шу боис олдимизга қандайдир катта мақсадлар қўйилмаган. Аммо у ерда футболни жуда севишади. Муҳими, жамоани юксалтириш йўлида ҳаракат қиламиз. Бунинг учун эса аввало клубни сақлаб қолишимиз лозим. Биз футболчилар билан шуни келишиб олганмизки, ҳар бир учрашувда ғалаба учун курашамиз.

«Ўйиндан кейин мухлислар клуб мадҳиясини куйлашади»

- Мени бу ерда бир нарса ҳайрон қолдирди, ўйин тугаганидан кейин иккала жамоа бир-бирига ташаккур билдиришади. Шундан кейин рақиб жамоанинг мухлислари олдига бориб қўл кўтариб, миннатдорчилик билдирамиз ва шундан сўнг ўзимизнинг ишқибозлар олдига борамиз. Рақиб жамоа аъзолари ҳам худди шундай қилишади. Ўз уйимиздаги ўйинларда эса ютсак ҳам, ютқазсак ҳам учрашувдан кейин мухлислар биз учун клуб мадҳиясини куйлашади. Мухлислар ўша гимнни кулашаётганда футболчилар майдонда тик турган ҳолда уни эшитишади. Ана шундан кейингина биз ечиниш хонасига кириб кетамиз.

«Қанча маош олишимни айтмайман, аммо яхши»

- Бу ерда қанча маош олишимни айта олмайман. Аммо шуни аниқ айта оламанки, шароитлар жуда яхши. Ҳар бир ўйинда учтадан футболкани беришади. Жамоанинг ўйин формалари эса тўртта. У ерда ҳамма нарса яхши. Клуб ўз ўйинчилари учун барча шароитларни муҳайё қилиб қўйган. Сафар учрашувига автобусда борадиган бўлсак, у ерда ҳам биз учун барчаси бор. Автобус ичида вай-фай тизими ва яна бошқа шароитларни яратиб қўйишган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ramazonov Murod
30/04/2019 11:10
ОМАД Артём Бухорога кайтишингни кутамиз!