Финал олдидан финаллар ёхуд Ўзбекистон Кубоги ярим финали остонасидамиз

  • 24 сентябрь, 15:32
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Ўзбекистон Кубоги ярим финал учрашувларига эътибор юқори. Эртага соат 18:00 да “Бухоро” - “Сўғдиёна” ва “Пахтакор” - Динамо” клублари финал масаласини ҳал этиш учун майдонга тушадилар.

Tecno

18:00. “Бухоро” - “Сўғдиёна”

“Бухоро” клубида бош мураббий ўзгарганини биласиз. Улуғбек Бақоевдан кейин вақтинча Виктор Карпенко ушбу лавозимда ишлаб турганди. Яқинда эса Александр Хомяков бошқарув постини эгаллади. Унинг дебюти жуда муваффақиятли чиқди ҳамда бундай дебютни ҳар бир мураббий орзу қилса ҳам керак. “Бухоро” Хомяков бошчилигидаги илк ўйинини ўз уйида “Навбаҳор”га қарши ўтказди ва наманганликлар дарвозасига жавобсиз 5 та гол урилди. Александр Хомяков “Андижон” устози сифатида ҳам “Навбаҳор”га қарши муваффақиятли натижалар қайд этганини кўпчилик билса керак ва бу анъанасини Хомяков “Бухоро” билан ҳам давом эттирди.

Қизиғи, ушбу мутахассис яна Ўзбекистон Кубоги мусобақасида, ярим финалда қатнашяпти. Финалга чиқиш учун бир қадам қолди. Ўтган йили “Андижон”ни ўз тарихида илк бор Кубокни ютганида Хомяков бош мураббий бўлганини барча билади. Энди бу ишини “Бухоро” билан такрорлаш арафасида турибди. Бунинг учун аввало ярим финалда “Сўғдиёна” тўсиғидан ўтиши лозим. Дориев каби ўта хавфли футболчисига эга бўлган жиззахликлар Кубок финалига чиқиш учун ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатишга тайёрланишяпти ва ғалаба уларнинг асосий мақсади саналади.

“Бухоро” Хомяков бошқарувида янгича шаклланиб боряпти. Лекин ҳар қандай янги мутахассис бирданига оламшумул ўзгаришларга қўл ура олмайди. Аммо Хомяков битта ҳал қилувчи учрашувларга жамоасини зўр тайёрлай олишини “Андижон”да кўрсатган. Кўрамиз, у бу сафар ҳам яна финалга чиқа олармикин?

18:00. “Пахтакор” - “Динамо”

Бу жуфтликка ҳам қизиқиш юқори. Иккаласининг мақсади Кубокни ютиш. “Пахтакор”нинг “Динамо”га қарши ўйини “Бухоро” - “Сўғдиёна” қарама-қаршилигидан фарқли ўлароқ катта эҳтимол билан ҳужумкор ва очиқ футбол тарзида ўтса керак. Вадим Абрамов доимо ҳужумкор футбол ўйнатади. “Пахтакор”нинг қонида эса фақат ҳужумкор ўйин бор. Уларни ҳимояга ётиб олиб ўйин ташкил қилишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ ўртага финал чиптаси тикилган баҳсда иккала томон ҳам эҳтиёткорликни унутмаслиги табиий.  

Ярим финал жуфтликлари орасида “Пахтакор” нисбатан Кубокни ютиш учун фаворит сифатида қаралмоқда. Ярим финалда рақиб “Динамо”лигини инобатга олсак, “Шерлар” энг қийин учрашувларидан бирини ўтказади.

Бир сўз билан айтганда, “Бухоро” - “Сўғдиёна” ҳамда “Пахтакор” - “Динамо” жамоалари ўртасидаги беллашувлар жуда муҳим ва аҳамияти юқори. Эртага албатта финалчиларни аниқлаб оламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!